Германия Федерал ҳукуматининг Кўчиб келганлар ва миллий озчилик масаласи бўйича вакили, Бундестаг депутати Натали Павлик бошчилигидаги делегация мамлакатимизда бўлиб турибди.
Бугун Тошкент шаҳрида делегация вакиллари иштирокида Ўзбекистон – Германия ҳукуматлараро комиссиясининг 13-мажлиси ўтказилди.
Йиғилишда Ўзбекистон томонидан Маданият ва туризм вазирлиги ҳузуридаги Миллатлараро муносабатлар ва хорижий мамлакатлар билан дўстлик алоқалари қўмитаси, Олий Мажлис Қонунчилик палатаси халқаро ишлар ва парламентлараро алоқалар қўмитаси масъуллари, Республика ва вилоят немис маданий марказлари раҳбарлари иштирок этди.
Биринчи навбатда республикамизда турли миллат вакиллари учун яратилган шароитлар, жумладан, немис миллатига мансуб фуқаролар турмуш-тарзини яхшилаш, уларнинг эркин ҳаёт кечиришини таъминлаш йўлида амалга оширилаётган ишлар хусусида маълумот берилди. Бундай сиёсат мамлакатлар ҳамкорлигини ривожлантиришга ҳисса қўшиши таъкидланди.
Диёримизда яшовчи этник немислар ўз она тилини ўрганиши, тадбирлар ўтказиши учун қулай шароит яратилганини маълум қилар экан, қўмита раиси Рустамбек Қурбонов Ўзбекистон фуқаролик жамияти соҳасида икки мамлакат ўртасидаги алоқани сақлашга кўмаклашувчи мазкур комиссия ишини тизимли асосда давом эттиришдан манфаатдорлигини қайд этди.
Тадбир давомида Немис Республика маданий маркази фаолиятига алоҳида эътибор қаратилди, бу маданий-гуманитар алоқани сақлаш ва ривожлантиришга ёрдам бериши айтилди.
Делегация раҳбари Натали Павлик Германия Федерал ҳукумати томонидан Ўзбекистонда яшовчи этник немисларни қўллаб-қувватлашга хизмат қиладиган лойиҳалар учун ҳар йили икки юз минг евро ажратилишини билдирди. Ушбу маблағ немис тилини ўрганиш, этник немислар маданияти ва анъанасини сақлашни назарда тутади. Умуман, Германия томони мавжуд конструктив ҳамкорликни янада фаоллаштиришга ҳаракат қилади.
Германия ички ишлар вазирлигининг “Ватан” бўлими раҳбари доктор Михаэль Фрезе Ўзбекистонда яшовчи немисларни қўллаб-қувватлаш учун Ўзбекистон – Германия мажлиси коммюникеси доирасида таълим, ижтимоий ва гуманитар соҳаларга йўналтирилган 150 минг еврога яқин маблағ ажратилганини таъкидлади.
Музокара якунида қўшма коммюнике имзоланди. Комиссиянинг Германияда ўтадиган навбатдаги 14-мажлисигача бўлган давр учун вазифалар белгиланди.
Беҳруз Худойбердиев, Азизбек Қўчқоров, ЎзА