ФОТОРЕПОРТАЖ

Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ўзининг 90 йиллик тарихига эга. Бугунги кунда мазкур олий таълим даргоҳида 18 мингдан ортиқ йигит-қиз таҳсил олмоқда.

Институт замонавий билим ва касбий кўникмага эга бўлган педагог кадрларни тайёрлашни ўз олдига мақсад қилиб қўйган. Албатта, бунинг учун зарур шароит яратилиб, институтнинг моддий-техник базаси такомиллаштирилиб бормоқда.

Айни пайтда олий таълим даргоҳининг 6 корпусдан иборат бўлган янги қурилаётган 2 минг ўринли бош ва ўқиш биноларида сўнгги – пардозлаш ишлари олиб борилмоқда.

Эътиборлиси, институтнинг Мактабгача таълим ва Жисмоний тарбия факультети талабалари 2022/2023 ўқув йили бошидан замонавий услубдаги янги бинода ўқишни бошлаган эди. Ҳозирда эса талаба-ёшларни доимий ётоқхона билан таъминлаш мақсадида умумий 1 минг 550 ўринли талабалар турар жойининг қурилиш-реконструкция ишлари бажарилмоқда. Шу билан бирга, Мактабгача таълим факультети қошида 90 ўринга мўлжалланган болалар боғчасининг қурилиши якунланиш арафасида.

Юртимизда ёшларнинг чуқур билим олиши учун яратилаётган бундай имкониятлар албатта ўз самарасини бермай қўймайди.

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА