Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Бюджет ва иқтисодий ислоҳотлар қўмитаси томонидан “Ўзбекистон Республикасида крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш” мавзусида семинар ўтказилди.
Унда крипто-активларнинг келиб чиқиш тарихи, ишлаш хусусиятлари, крипто-активлар айланмаси соҳасини тартибга солиш ҳамда тадбиркорлик субъектлари учун қулай шарт-шароитлар яратиш мақсадида қабул қилинган норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ҳақида маълумотлар берилди.
Қайд этилганидек, ҳозирга кунда дунё бўйлаб чиқарилган крипто-активларнинг умумий сони 24 мингдан ортиқ бўлиб, уларнинг умумий капитализацияси қарийб 1.14 триллион долларни ташкил этмоқда.
– Крипто-активлар айланмаси кўп мамлакатлар қатори Ўзбекистон ҳудудига ҳам кириб келган, – деди қўмита раиси Ш.Назаров. – Маълумотларга кўра, бугун Ўзбекистон Республикаси МДҲ мамлакатлари доирасида крипто-активлар билан савдоларни амалга ошириш ҳажми билан ТОП-4 давлатлар қаторига киради. Мамлакатимизда Ўзбекистон Республикаси Истиқболли лойиҳалар миллий агентлиги крипто-активлар айланмаси соҳасидаги ваколатли давлат органи этиб белгиланган. Бугунги кунда мамлакатимиз ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳасидаги фаолиятни амалга ошириш учун тегишли лицензияга эга бўлган расмий бешта хизматлар провайдерлари фаолият кўрсатмоқда.
Семинарда Ўзбекистон Республикаси ҳудудида крипто-активлар айланмаси соҳаси деярли тартибга солингани, мазкур соҳада фаолият олиб бориш учун тегишли лицензия олиш талаб ва шартлари, шунингдек, крипто-биржа, крипто-дўкон ва крипто-депозитарий фаолиятларини ташкил этиш ҳамда амалга ошириш учун тегишли низом ва қоидалар қабул қилингани қайд этилди.
М.Комилова, ЎзА