Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқали театрида Ўзбекистон Қаҳрамони, Ўзбекистон ва Қорақалпоғистон халқ шоири Ибройим Юсупов таваллудининг 94 йиллиги муносабати билан Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, “Меҳнат шуҳрати” ва “Эл юрт ҳурмати” орденлари соҳиби, давлат мукофотлари совриндори, композитор Нажимаддин Муҳамеддиновнинг “Айтгин сен Аёзий қўшиқларидан” деб номланган концерт дастури бўлиб ўтди.

Таъкидланганидек, давлатимиз раҳбари қорақалпоқ адабиёти билан маданиятига ҳамиша юксак ҳурмат кўрсатиб, уни янада ривожлантириш масаласига алоҳида эътибор қаратиб келмоқда. Президентимиз томонидан билдирилган “…Ибройим Юсупов, Тўлепберген Қайипбергенов сингари буюк шоир ва ёзувчиларнинг асарлари билан танишиб, қорақалпоқ халқининг урф-одат ва қадриятлари, дард ва армонлари, орзу-ниятлари тўғрисида бой тушунчага эга бўламан”, – деган фикрлари халқ тарихи ва ижодига бўлган юксак баҳо ҳисобланади. Шоир Ибройим Юсуповнинг аксарият қўшиқларини халқ ёддан билиши билан бирга, уларга басталаган куй кўнгилларга завқ бағишлайди.

Чунки шоирнинг “Тўмарис”, “Актрисанинг иқболи”, “Дала армонлари”, “Қирқ қиз”, “Кун чиқиш йўловчисига”,  “Қорақалпоқни кўп мақтаманг кўзимча” сингари асарлари, достон ва поэмалари халқнинг адабий мулкига айланган.  Адиб қардош халқлар ва жаҳон адабиёти дурдоналаридан ташкил топган А.Пушкин, М.Лермонтов, Т.Шевченко, Ж.Байрон  асарлари, Шекспир сонетлари, Навоий ва Ҳофиз ғазаллари, Умар Хайём рубоийларини қорақалпоқ тилига юксак маҳорат билан таржима қилди.  Шунингдек, унинг асарлари рус, ўзбек, қозоқ тили билан бир қаторда украин, беларусь, грузин, латиш, болгар тилларига ҳам ўгирилган.

У Бердақ номидаги давлат мукофоти  совриндори, “Эл-юрт ҳурмати”, “Дўстлик” ордени соҳиби, 2004 йилда “Ўзбекистон Қаҳрамони” унвонига сазовор бўлди. Юртбошимиз Шавкат Мирзиёевнинг махсус қарори билан Нукусда Ибройим Юсупов ҳайкали ва унинг номидаги ижод мактаби барпо этилди.

Шоир асарларини халққа, келажак авлодга етказишда унинг қўшиқларига куй басталаган композиторларнинг меҳнати катта. Улардан  Ўзбекистон ва Қорақалпоғистонда хизмат кўрсатган санъат арбоби, давлат мукофотлари совриндори Нажимаддин Муҳамеддиновни алоҳида таъкидлаш жоиз. Уларнинг ижодий ҳамкорлигида  яратилган Қорақалпоғистон Республикаси мадҳияси, “Кўнгил кўнгилдан сув ичар”, “Мустақиллик гуллари” каби қўшиқлари кўнгилларга миллий ғурур бағишлайди.

Ижодий кеча якунида шоир асарлари асосида ташкил этилган концерт дастури намойиш этилди.

Тадбирда Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси А.Оринбаев иштирок этди.


Довуд АБИБУЛЛАЕВ,  

Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА