Бир вақтлар тўлиб-тошган Орол, катталарга чин, бизга эртак Мўйноқ туманидаги порт ҳақида эшитган бўлсангиз керак.
Инсониятнинг табиат билан муросасиз ҳаёт кечириши оқибатида табиат фожеасига айланган Орол денгизи бугун Мўйноқни тарк этган. Туманга бориб қолсангиз ҳали ҳам виқори ила тўлиб-тошмоқ истаги бор денгиз сатҳидаги саҳрога, ҳали бир асрлик ёшга етмаган «Кемалар қабристони» га кўзингиз тушади.
Ҳаёт эса аввалгидек эмас. Экологик вазият издан чиққан. Табиат ҳавоси оғирлашиб бормоқда. Шундай бўлсада, одамлар умид билан яшашга интилади, бир кун, албатта, Оролнинг қайтишига ишонишади. “Оққан юлдуз” ҳақида эса кўпчилик билмаса ҳам керак. Мўйноқда денгиз ва портни ёдга солаётган эсдалик қад ростлаб турибди. Бир вақтлар ушбу эсдалик Иккинчи жаҳон урушидан қайтмаган аскарлар хотирасига бағишлаб ўрнатилган экан.
Яна бир тарихий воқеа ҳам ушбу ёдгорлик яратилиши билан боғлиқ. 1941 йилда юртимизнинг забардаст ўғлонлари урушга отланади. Шулар орасида мўйноқлик ота-ўғил ҳам бор эди. Оқсари суюкли ёри ва фарзандини Мўйноқ портидан урушга кузатиб қолади-ю, оз вақтдан сўнг эрининг ўлими тўғрисида “қора хат” олади. Алам ва изтиробда қолган аёлнинг кунлар, йиллар ўтса ҳамки, ўғлидан хат-хабар келмайди. Уруш тугайди. Ўғилдан эса на бир хат бор эди, на хабар. Мушфиқ она интизорлик билан мужда кутиб яшашда давом этаверди. Орол денгизи ўз сатҳини ўзгартира бошлаган илк фожеа одамларни шошириб қўйди. Улкан порт жойини ўзгартиришга қарор қилинган вақт онаизор “портни кўчирманг”, дея зорланади. У ўғли бошқа йўлни билмаслигини, фақатгина шу йўл орқали уйга қайтиши мумкинлигини айтиб, ўксиб-ўксиб йиғлайди.
30 йилдан ортиқ ўғлини кутган онанинг кўз ёшларига гувоҳ портдан сўзловчи эсдаликнинг қисқача тарихи шу.
Шоҳиста АБДУРАҲМОНОВА,
санъатшунос .
ЎзА