Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар марказининг маълум қилишича, май ойида Камбағалликка қарши кураш бўйича глобал тадқиқот марказининг Европа бюроси (J-PAL) ўз эътиборини Ўзбекистонга қаратди.

Бунда Иқтисодий тадқиқотлар ва ислоҳотлар маркази экспертлари билан ҳамкорликда камбағалликка қарши курашиш бўйича илк давлат дастурларининг самарадорлиги ҳамда уларнинг аҳоли реал даромадлари ўсишини таъминлашга ва камбағалликни қисқартиришга потенциал таъсири баҳоланaди.

Мутахассислар томонидан “Ҳар бир оила – тадбиркор” ва “Маҳаллабай” тизими каби дастурлар самарадорлигини баҳолашнинг илғор воситалари ва “Ишга марҳамат” мономарказлари, жумладан, меҳнат миграцияси дастурлари самарадорлигини ишлаб чиқиш ва жорий этиш имкониятлари кўриб чиқилмоқда.

Таъкидлаш лозим, Ўзбекистонда камбағалликка қарши фаол кураш бошланди ва уни бартараф этиш бўйича комплекс ёндашувлар ишлаб чиқилмоқда. Сўнгги икки йилдаги ислоҳотлар кун тартиби пандемия келтириб чиқарадиган салбий таъсирларга жавоб бериш учун тузатилди.

Маълумот учун: J-PAL – камбағалликка қарши кураш бўйича глобал тадқиқот маркази. 2003 йилда MIT асосида яратилган. Унинг Европа, Африка, Жанубий ва Шимолий Америка, Яқин Шарқ, Жанубий ва Жануби-Шарқий Осиёдаги етакчи университетларида 7 та ҳудудий ваколатхоналари мавжуд.

J-PAL’нинг асосий таркиби 400 дан ортиқ мутахассисларни ўз ичига олади. Бутун дунё бўйлаб 300 га яқин профессор-ўқитувчилар билан яқин ҳамкорликда ишлайди. Лабораториянинг бутун фаолияти давомида 91 та мамлакатда 1094 та тадқиқот ўтказилди.

 

Ш.Маматуропова,  

ЎзА