Суд-ҳуқуқ ислоҳотларининг муҳим таркибий қисми сифатида жисмоний ва юридик шахсларнинг ҳуқуқлари, эркинликлари ва қонуний манфаатларини ҳимоя қилишни таъминлашнинг самарали институтларидан бири бўлган адвокатуранинг роли ва аҳамиятини кучайтириш бўйича салмоқли ишлар амалга оширилди.
Суд ишини юритишнинг барча босқичларида томонларнинг тортишуви принципининг лозим даражада ишлашини ташкил этишга қаратилган чора-тадбирлар амалга оширилди. Адвокатларнинг профессионал фаолиятини бажариши учун зарур қонунчилик базаси яратилди.
Адолат ва қонун устуворлигини мустаҳкамлаш, инсон ҳуқуқ ва эркинликларига сўзсиз риоя этилишини таъминлаш, шунингдек, 2022 — 2026 йилларга мўлжалланган Янги Ўзбекистоннинг тараққиёт стратегиясида белгиланган вазифаларни амалга ошириш мақсадида жиноят ишини судларга айблов хулосаси (айблов далолатномаси) ва ҳимоячи фикри билан бирга тақдим этиш тартибини жорий этиш таклиф қилинмоқда.
Бу “Одил судловга эришиш имкониятларини янада кенгайтиришга доир қўшимча чора-тадбирлар қабул қилиниши муносабати билан Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун лойиҳасида ўз аксини топган.
Умумхалқ муҳокамасига қўйилган қонун лойиҳаси билан Жиноят-процессуал кодексининг қатор моддаларига ўзгартишлар киритилмоқда. Жумладан, 53-модданинг биринчи қисми «агар ҳимояни амалга ошириш учун зарур бўлса, давлат сирлари, тижорат сири ёки бошқа сирни ўз ичига олган ахборот билан қонунчиликда назарда тутилган тартибда танишиш» деган сўзлардан кейин «судга қадар иш юритиш якунланганидан сўнг ҳимоя фикрини тақдим этиш» деган сўзлар билан тўлдирилмоқда.
Кодекс 380-1-модда билан тўлдирилмоқда. “Ҳимоя фикри” деган мазкур моддага кўра, айбланувчини ва унинг ҳимоячисини жиноят ишидаги барча материаллар билан таништириб бўлгач, бироқ жиноят иши прокурорга айблов хулосасини ёки айблов фикрини тасдиқлаш учун юборилишидан олдин ҳимоячи ҳимоя фикрини тақдим этиши мумкин.
Ҳимоя фикрида қуйидагилар кўрсатилади: ҳимоянинг эълон қилинган айбловга нисбатан позицияси, шу жумладан, айбловни асоссизлигини исботловчи важлар; қайси ҳолатни қайси далил билан исботлаш мумкинлигини кўрсатган ҳолда ҳимоячи судга тақдим этишини истаган далиллар; эълон қилинган айбловнинг квалификациясига, шунингдек жазони енгиллаштирувчи ҳолатларга нисбатан фикрлар; ҳимоячи суд мажлисига чақирилишини илтимос қилаётган шахсларнинг рўйхати; ҳимоячининг бошқа илтимосномалари.
Ҳимоя фикрида ҳимоячи судга қадар иш юритиш чоғида текширилмаган далилларга ҳавола қилишга ҳақли эмас.
Ҳимоячи томонидан ҳимоя фикри тақдим этилмаган тақдирда терговчи ёки суриштирувчи ушбу кодекснинг 50-моддасида назарда тутилган тартибда ҳимоячини таклиф этиш чораларини кўрадилар.
381-модда «Иш ҳужжатларига шунингдек, ҳимоя фикри илова қилинади», мазмундаги иккинчи қисм билан тўлдирилмоқда.
388-модда биринчи қисмининг биринчи жумласи «Прокурор ёки унинг ўринбосари айблов хулосасини ёки айблов далолатномасини тасдиқлаб, жиноят ишини ҳимоя фикри билан бирга тегишли судга юборади», деган таҳрирда баён этилмоқда.
Қонун билан «Адвокатура тўғрисида»ги қонунга ҳам қўшимча ва ўзгартишлар киритилмоқда. Қонуннинг 6-модданинг биринчи қисмига кўра, жиноят иши бўйича судга қадар иш юритиш якунланганидан сўнг ҳимоя фикрини тақдим этиши мумкинлиги киритилган.
Н.Абдураимова,
ЎзА