Маълумки, мамлакатимизда фуқароларнинг мурожаатларини ўрганиш, уларни ўз вақтида қонуний ҳал этиш бўйича ўзига хос тизим яратилган. Бу борада ҳуқуқий асослар яратилган.
Бинобарин, Конституциямизнинг 40-моддасида ҳар ким бевосита ўзи ва бошқалар билан биргаликда давлат органларига ҳамда ташкилотларига, фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларига, мансабдор шахсларга ёки халқ вакилларига аризалар, таклифлар ва шикоятлар билан мурожаат қилиш ҳуқуқига эгалиги, аризалар, таклифлар ва шикоятлар қонунда белгиланган тартибда ва муддатларда кўриб чиқилиши шарт эканлиги мустаҳкамлаб қўйилган.
Мазкур конституциявий қоидани, шунингдек “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни талаблари ижросини таъминлаш мақсадида Тошкент шаҳар божхона бошқармасида ҳам жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатларини қабул қилиш ва уларни ўз вақтида кўриб чиқиш борасида қатор чора-тадбирлар амалга оширилмоқда.
Таҳлилларга назар ташласак, 2023 йилнинг январь-апрель ойлари давомида бошқармада 119 та мурожаат рўйхатга олиниб, уларнинг сони ўтган йилларнинг айни шу даврига нисбатан камайганини кўришимиз мумкин.
Мурожаатларнинг 62 таси жисмоний шахслар, 57 таси юридик шахслар томонидан берилган бўлиб, шундан 44 таси электрон тарзда ва 75 таси оғзаки шаклда тақдим этилган.
Мурожаатларнинг 36 фоизи ўз вақтида қаноатлантирилиб, 64 фоизи бўйича тушунтиришлар берилган. Қолганлари эса тегишлилиги бўйича бошқа органларга юборилган. Мурожаатларнинг асосий қисми божхона назорати ва расмийлаштируви, божхона тўловлари ва имтиёзлар масалаларига тааллуқлидир.
Айтиш ўринлики, ҳар бир мурожаат ортида инсон тақдири борлиги шахсий таркибга тушунтириб борилмоқда. Натижада жами мурожаатларнинг 119 таси, яъни 100 фоизи 10 кундан ошмаган муддатда кўриб ҳал этилган.
Бир сўз билан айтганда, ижтимоий-сиёсий соҳада изчиллик билан давом эттирилаётган ислоҳотлар юртимизда ҳар бир инсоннинг муносиб турмуш кечиришига кўмаклашишдек олижаноб мақсадга йўналтирилган бўлиб, “Жисмоний ва юридик шахсларнинг мурожаатлари тўғрисида”ги Қонун доирасидаги тизимли ишлар ҳам ана шу мақсад рўёбига хизмат қилмоқда.
Ш.Маматуропова,
ЎзА