Давлатимиз раҳбарининг 2-3 май кунлари Германияга амалга оширган ташрифи халқаро экспертлар томонидан таҳлил қилиниб, жараёнга изоҳ берилмоқда.
Шаҳзод Насим, Сингапурнинг «Meinhardt» компанияси ижрочи раиси:
– Германия билан алоқа мустаҳкамланаётгани бугунги ўзаро боғланган дунёда Ўзбекистоннинг халқаро ҳамкорлиги юксалаётганидан далолат.
Ўзаро товар айирбошлаш миқдори, қўшма лойиҳалар сони икки баробар ортгани, ушбу Европа давлатининг Ўзбекистон иқтисодиётига киритаётган сармояси сезиларли даражада ошгани эътирофга сазовор. Ташриф доирасида ўтказилган қўшма бизнес-форум, умумий қиймати 9 миллиард долларлик савдо, сармоявий ва технологик лойиҳалар амалга ошириш бўйича имзоланган келишув ҳар икки давлат равнақига хизмат қиладиган салмоқли ютуқдир.
Биз бу ўзгаришларни олқишлаймиз, чунки айни саъй-ҳаракат нафақат Ўзбекистон, балки бутун Марказий Осиёда тараққиётга, иқтисодий барқарорликка ҳисса қўшади.
Германия ҳукумати Ўзбекистоннинг Жаҳон савдо ташкилотига аъзо бўлишини ҳамда ЕИ билан Кенгайтирилган шериклик ва ҳамкорлик тўғрисидаги битим тезроқ имзоланишини қўллаб-қувватлашга тайёрлигини билдиргани ҳам диққатга сазовор.
«KfW», «Дойче-банк» ва Германия халқаро ҳамкорлик жамияти билан келишув, шубҳасиз, немис компанияларининг Ўзбекистондаги лойиҳаларини янада мустаҳкамлайди.
Менимча, ушбу қадамлар нафақат мамлакатнинг иқтисодий ўсишига, балки глобал савдо тармоғига янада самарали интеграциялашувига ҳам ҳисса қўшади. Шунингдек, республикага янги бозорларга дадил кириб бориш, миллий иқтисодиётнинг экспоненциал ривожланишини давом эттириш учун энг янги технологиялардан, капитал бозоридан фойдаланиш имконини беради.
Холид Бедауш, «UzFranceTrade» савдо уйи директори:
– Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёевнинг Германия Федератив Республикасига ташрифи мамлакат ташқи сиёсатидаги муҳим воқеа ҳисобланади. Ўзбекистон бугун дунёга очилмоқда, мамлакат нафақат қўшни давлатлар, балки Европа қитъаси билан ҳам фаол иқтисодий сиёсат олиб бормоқда.
Сўнгги йилларда Ўзбекистон – Германия муносабатида ҳамкорликнинг кўплаб йўналишлари бўйича жадал ўсишкузатилгани маълум. Германия Европанинг етакчи давлатларидан бири бўлиб, Ўзбекистонда энергетика, нефт-газ, тоғ-кон, тўқимачилик ва озиқ-овқат саноати, автомобилсозлик, қишлоқ хўжалиги, қурилиш каби муҳим соҳалардаги лойиҳаларни ҳаётга тадбиқ этишда фаол қатнашмоқда.
Ўзбекистон хорижий давлатлар билан яқин шериклик алоқасини ўрнатаётгани таҳсинга сазовор. Бу мамлакатни яқин келажакда ижтимоий-иқтисодий ривожлантиришга кўмаклашади.
Ўзбекистонда амалга оширилган конституциявий ислоҳот дастлабки кунларданоқ самара бермоқда.
Шуни ҳам таъкидлаш керакки, Ўзбекистон ҳукумати томонидан олиб борилаётган чуқур ўйланган иқтисодий ислоҳот Германия билан ҳамкорликни мустаҳкамлаш учун янги имконият яратмоқда.
Эрик Гишон, БМТ Париждаги университетлараро қўмитаси раиси:
– Ўзбекистоннинг жаҳон ҳамжамияти билан ҳамкорлигида фаол ўзгариш рўй бераётганини кузатмоқдамиз. Мамлакатда амалга оширилаётган ислоҳотлар самараси Европадаги кўпгина давлатлар, хусусан, Германия билан муносабат ўсиш суръатида ҳам яққол намоён бўлмоқда.
Германия Ўзбекистонга Марказий Осиё минтақасидаги асосий ҳамкор сифатида қарайди. Бу икки давлат ўртасидаги алоқалар бугунги кунда энергетика, транспорт, нефть-газ, таълим, маданият ва бошқа соҳалардаги қўшма лойиҳалар орқали тобора мустаҳкамланмоқда.
Мазкур ташриф ҳамкорлик учун янги имкониятлар яратади. Европа давлатлари, хусусан, Франция ва Германия Ўзбекистонни Марказий Осиёнинг жадал ривожланаётган давлатларидан бири сифатида эътироф этади.
Ўзбекистон етакчисининг узоқни кўзлаган ва мувозанатли ташқи сиёсати яқин келажакда нафақат Германия, балки Европа қитъасининг бошқа давлатлари билан алоқаларни мустаҳкамлаш учун ҳам қулай замин яратади.
ЎзА