Ўзбекистонлик спортчилар орасидан келажакда сузиш спорт тури бўйича Олимпия ўйинлари ва жаҳон чемпионлари етишиб чиқадими? Бундай маҳоратга эга спортчиларни тайёрлайдиган мураббий-мутахассисларнинг билим даражаси етарлими?
Пойтахтимизда сузиш спорт тури мутахассислари учун Бутунжаҳон сузиш федерацияси билан ҳамкорликда ташкил этилган “Learn to Swim Program” дастури асосидаги семинарлар келгусида шу каби саволларга нуқта қўйса, ажаб эмас.
Бир неча кун давом этган ушбу ўқув курси Ўзбекистонда фаолият юритаётган сузиш спорт тури мураббийлари билимларини янада бойитишга хизмат қилди. Америкалик таниқли сузиш спорт тури эксперти Генадиус Соколовас ўтказган семинарда маҳаллий мураббийларга сузиш спорт турига оид замонавий дастурлар тақдим этилди, янги билимлар берилди. Бу эса келгусида ёш чемпионларни тайёрлашда асқотади.
Семинар якунида ушбу курслардан муваффақиятли ўтган мутахассисларга сертификат топшириш маросими ташкил этилди. Тадбирда Ёшлар сиёсати ва спорт вазири ўринбосари Дурдона Раҳимова ҳамда Миллий олимпия қўмитаси бош котиби Ойбек Қосимов иштирок этиб, халқаро тоифага эга бўлган мураббийларнинг иш фаолиятига омад тилади.
Ўзбекистон сузиш федерацияси мутахассисларининг қайд этишича, бу америкалик эксперт иштирокидаги семинарнинг биринчиси бўлди. Режага биноан, бугун 5 май куни сузиш спорт турида малака тоифаси юқори бўлган мураббийлар учун белгиланган иккинчи семинар машғулотлари бошланди. “Learn to Swim Program” дастури асосидаги машғулотлар 12 майга қадар давом этади.
Т.Рўзиев,
ЎзА