2023 йил 4 май куни Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси ўз ишини давом эттирди. Унда Сенат, ҳукумат аъзолари, вазирлик ва идораларнинг вакиллари, Сенат ҳузуридаги Ёшлар парламенти аъзолари ҳамда оммавий ахборот воситалари ходимлари қатнашди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган ялпи мажлисни Олий Мажлис Сенати Раиси Танзила Норбоева олиб борди.

Ялпи мажлис Сенатнинг YouTube тармоғидаги саҳифаси орқали тўғридан-тўғри ёритиб борилди.

Дастлаб “Халқаро меҳнат ташкилотининг ходимларни иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли юзага келадиган касбий хавф-хатардан ҳимоя қилиш тўғрисидаги 148-сонли Конвенциясини (Женева, 1977 йил 20 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун кўриб чиқилди.

Конвенциянинг асосий мақсади миллий қонунчилик ёки меъёрий ҳужжатлар орқали иш жойидаги ҳавонинг ифлосланиши, шовқин ва тебранишлар туфайли касбий хавф-хатарларнинг олдини олиш ва чеклашга қаратилган чора-тадбирларни белгилашдан иборат.

Сенаторлар томонидан Конвенцияни ратификация қилишда тизимли назорат чораларини, шу жумладан, иш жойларида меҳнат шароитларини, зарарли ва хавфли ишлаб чиқариш омилларини, меҳнат жараёнларининг оғирлиги ва тиғизлигини ҳамда асбоб-ускуналарнинг жароҳатлаш хавфлилигини баҳолаш белгиланганлиги таъкидланди.

Муҳокама жараёнида Конвенциянинг ратификация қилиниши ходимлар ҳуқуқларини ҳимоя қилишнинг қўшимча кафолатларини яратиш имконини бериши ва меҳнатни муҳофаза қилиш миллий тизимини янада такомиллаштиришга сезиларли туртки бериши қайд этилди.

Ушбу Конвенция жаҳоннинг 47 та давлати томонидан ратификация қилинган.

Сенаторлар Конвенциянинг ратификация қилиниши миллий қонунчиликни такомиллаштиришга, меҳнатни муҳофаза қилиш ва хавфсизлик бўйича халқаро стандартларнинг самарали жорий этилишини таъминлашга хизмат қилишини, шунингдек, мамлакатимизнинг ходимлар ҳуқуқлари кафолатларини таъминлаш бўйича асосий халқаро тамойил ва стандартларга содиқлигини намойиш этишини таъкидладилар.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шунингдек, ялпи мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Ҳукумати билан Тожикистон Республикаси Ҳукумати ўртасида форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемалари томонидан ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик тўғрисидаги Битимни (Душанбе, 2021 йил 10 июнь) ратификация қилиш ҳақида”ги қонун ҳам муҳокама қилинди.

Таъкидланганидек, битимнинг асосий мақсади  форс-мажор ҳолатларда давлат авиацияси ҳаво кемаларининг ҳаво ҳудуди ва аэродромлардан фойдаланиш соҳасида ўзаро ҳамкорлик қилишнинг ягона тартибини белгилашдан иборат.

Ҳужжатга мувофиқ форс-мажор ҳолатлари юзага келган тақдирда томонлар давлат ҳаво ҳудудини қисқа муддатли кесиб ўтишга, ўз аэродромларидан бирига захира сифатида қўниш учун рухсат беришга ҳақлилиги назарда тутилган.

Ҳужжатнинг ратификация қилиниши парвозлар хавфсизлигини янада таъминлашга хизмат қилади.

Сенаторлар мазкур Битимнинг ратификация қилиниши икки мамлакат ўртасидаги конструктив ва ўзаро манфаатли ҳамкорликнинг мантиқий давоми бўлишини, бу минтақавий хавфсизликни таъминлаш, шунингдек, бутун Марказий Осиё минтақасининг барқарор ривожланишига хизмат қилишини таъкидладилар.

Муҳокама якунида қонун сенаторлар томонидан маъқулланди.

Шундан сўнг сенаторлар “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонунни  кўриб чиқди.

Муҳокамаларда таъкидланганидек, қонун фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органларининг мақомини ҳамда сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, шу жумладан, маҳаллий Кенгашларга сайловлар бўйича сайлов қонунчилигидаги ҳуқуқий бўшлиқларни бартараф этишга қаратилган.

Қонун билан ҳар йиллик маҳаллий бюджетларда бўшаб қолган депутатлик ўринлари учун сайловларга тайёргарлик кўриш ҳамда уларни ўтказиш билан боғлиқ харажатларни молиялаштириш тартиби, шунингдек, ушбу жараёнда Марказий сайлов комиссиясининг ваколатлари белгиланмоқда.

Ушбу ўзгаришлар вакиллик органлари фаолиятини самарали ташкил этишга хизмат қилиши, фуқароларнинг ўз вакиллари орқали давлат ва жамият ишларини бошқаришда иштирок этишга бўлган конституциявий ҳуқуқларини ҳар томонлама амалга оширишлари учун шарт-шароит яратади.

Сенаторлар қонун билан янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 128-моддасидан келиб чиқиб, қонунчиликка оғир ва ўта оғир жиноят содир этганлиги учун озодликдан маҳрум қилиш жойларида сақланаётган шахсларнинг сайлов ва референдумда иштирок этишга оид ҳуқуқларини таъминлашга қаратилган қўшимча кафолатлар белгиланганлигини ҳам қайд этдилар.

Қонун фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлаши қайд этилди. Хусусан, қонунда фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари ва фуқаролар йиғини раисининг мақомига оид айрим қонун ҳужжатларининг нормалари янги таҳрирдаги Ўзбекистон Республикаси Конституциясининг 127-моддасига мувофиқлаштирилмоқда.

Сенаторлар томонидан қонун билан бўшаб қолган ўринларга ҳамда янги ташкил этилган маъмурий-ҳудудий бирликларда маҳаллий Кенгашлар депутатлари сайловини ўтказиш тартиби билан боғлиқ айрим ҳуқуқий бўшлиқлар ҳам бартараф этилаётганлиги таъкидланди.

Ялпи мажлисда қонун билан таклиф этилаётган янги нормалар ва тартиб-таомиллар Европа Иттифоқи, Грузия, Россия Федерацияси, Қозоғистон, Озарбайжон, Беларусь, Арманистон, Украина каби хорижий мамлакатлар тажрибасига ҳамоҳанглиги таъкидланди.

Муҳокамалар давомида қонун халқаро стандартлар, хусусан, Европа Кенгаши Венеция комиссияси ҳамда Европада хавфсизлик ва ҳамкорлик ташкилоти тавсиялари, Демократик сайловлар, сайловга доир ҳуқуқ ва эркинликлар стандартлари тўғрисидаги конвенция талабларига мос эканлиги таъкидланди.

Сенаторлар қонун сайлов тизимини такомиллаштиришга, сайлов иштирокчиларининг ҳуқуқий кафолатларини кучайтиришга, фуқаролар йиғинлари фаолиятининг ва референдумда иштирок этишнинг ҳуқуқий асосларини янада мустаҳкамлашга хизмат қилишини қайд этдилар.

Муҳокамалар якунида сенаторлар томонидан “Ўзбекистон Республикасининг айрим қонун ҳужжатларига ўзгартиш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қонун маъқулланди.

Ялпи мажлисда сенаторлар томонидан 6 та қонун кўриб чиқилди.

Шунинг билан Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенатининг қирқинчи ялпи мажлиси якунланди.

Ўзбекистон Республикаси

Олий Мажлиси Сенати

Ахборот хизмати