Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси томонидан ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш фаолияти билан боғлиқ муаммоларни ўрганиш мақсадида жарима майдончалари фаолиятини тартибга солувчи қонунчилик ҳужжатлари ўрганилди.

Уларнинг амалиётдаги ижроси юзасидан Ички ишлар вазирлиги томонидан тақдим этилган маълумотлар таҳлил қилинди. Шунингдек, соҳага оид норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар ижроси Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятлари мисолида жойига чиққан ҳолда ўрганилиб, транспорт воситалари эгалари билан суҳбатлар ўтказилди.

Ўрганишлар давомида ҳудудларда қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш билан боғлиқ қатор муаммолар мавжудлиги аниқланди. Шу жиҳатдан назорат таҳлил тадбирлари давомида фуқаролар, хусусан, ҳайдовчиларнинг транспорт воситаларини сақлаш хизматларини кўрсатиш билан боғлиқ эътирозлари ва таклифларига алоҳида эътибор қаратилди. Маълум бўлишича, аксарият жарима майдончаларида ушланган транспорт воситаларини сақлаганлик учун пластик карточкалардан тўловларни қабул қиладиган ҳисоб-китоб терминали ҳамда фискал хотирага эга бўлган назорат-касса машинаси мавжуд эмас. Борларида ҳам улардан деярли фойдаланилмасдан келинмоқда.

Шу билан бирга, жарима майдончаларида ушланган транспорт воситаларини сақлаш бўйича кўрсатилган хизматлар учун турли миқдордаги тўловлар ундирилмоқда. Ушбу тўловларнинг аниқ миқдорлари белгиланмаган. Бу масалалар Андижон, Фарғона ва Самарқанд вилоятларидаги ўрганишларда маълум бўлди.

Шундан келиб чиқиб, Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг Мудофаа ва хавфсизлик масалалари қўмитаси таклифи билан жорий йил 15 март куни “Қонун ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини тўхташ жойларига олиб келиш, жойлаштириш ва сақлаш бўйича амалга оширилаётган ишлар тўғрисида”ги масала юзасидан Бош вазир ўринбосари А.Раматовга Қонунчилик палатасининг парламент сўрови юборилган эди.

Ушбу парламент сўровида юқоридаги вилоятлар мисолида ўрганиш натижалари асосида аниқланган бир қатор муаммолар кўтарилган ва уларнинг ечими юзасидан Бош вазир ўринбосаридан асослантирилган тушунтириш берилиши сўралган.

Олий Мажлис Қонунчилик палатасининг бугун бўлиб ўтган мажлисида депутатлар ушбу парламент сўровига Бош вазир ўринбосарининг жавобини атрофлича кўриб чиқдилар.

Парламент сўровига келган жавобда мамлакатимизда ҳақиқатан ҳам жарима майдончаларининг фаолиятига доир тизимли муаммолар борлиги, уларни ўрганиш юзасидан вазирлик ва идоралар масъулларидан иборат Ишчи гуруҳи тасдиқлангани келтирилган. Ишчи гуруҳ томонидан мамлакатда мавжуд жами 295 та жарима майдончалари ҳолати ўрганилган бўлиб, таҳлиллар давомида жарима майдончаларининг лоақал биттаси ҳам Вазирлар Маҳкамасининг 2011 йил 25 майдаги тегишли қарори билан белгиланган талабларга жавоб бермаслиги аниқланди.

Шу сабабли кўп йиллар давомида назоратсиз қолдирилган шу тизимни янгича ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси томонидан қарор лойиҳаси ишлаб чиқилди. Ушбу ҳужжат лойиҳасида «Жарима майдончаси» ахборот тизимини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этиш, жарима майдончаларига кириб-чиқаётган транспорт воситаларининг рўйхатини электрон тарзда юритиш, жарима майдончалари бўйича хизматни кўрсатувчи юридик шахслар танловини ўтказишда инсон омилини камайтириш ва шу кабилар назарда тутилиши таклиф этилган.

Парламент сўровига келган жавобда келтирилганидек, қарор лойиҳасини бир ой муддатда тайёрлаб, тегишли вазирлик ва идоралар билан келишган ҳолда Вазирлар Маҳкамасига белгиланган тартибда киритиш бўйича Транспорт вазирлиги ҳамда Ички ишлар вазирлигига топшириқ берилган. Шу билан бирга, ўрганишлар натижасида қoнyн ҳужжатлари бузилганлиги учун ушланган транспорт воситаларини сақлаш жойларида аниқланган камчиликлар ҳамда мавжуд муаммоларни қисқа муддатларда бартараф қилиш бўйича тегишли вазирлик ва идорaлар, Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳар ҳокимликларига тегишли топшириқлар берилгани баён этилган.

Мажлисда депутатлар кун тартибидаги масала юзасидан бир қатор таклифлар берди. Муҳокамалардан сўнг парламент сўровига юборилган жавоб маълумот учун қабул қилинди.

Муҳтарама Комилова, ЎзА