27 март куни Бирлашган Миллатлар Ташкилоти Хавфсизлик кенгашида “Шимолий оқим” ва “Шимолий оқим – 2” газ қувурларидаги қўпорувчиликни текшириш бўйича Россия резолюцияси лойиҳаси бўйича овоз бериш бўлиб ўтади. Бу ҳақда Россиянинг халқаро ташкилотдаги доимий ваколатхонаси маълум қилди.

“Овоз бериш жараёни БМТ ХК йиғилишининг эрталабки соатларида бўлиб ўтади”, дейилади хабарда.

Россиянинг БМТдаги доимий вакилининг биринчи ўринбосари Дмитрий Полянский ижтимоий тармоқлардаги ўз саҳифасида таъкидлаганидек, “Бир ой давомида резолюция матни устида экспертлар даражасида иш олиб борилди, ҳамкорларимизнинг фикрларига таяниб, қарама-қаршилик келтириб чиқарадиган жумлалар олиб ташланди. Шунда ҳам Ғарб делегациялари лойиҳа ишлаб чиқишда атайин иштирок этмадилар”.

Дипломат сўзларига кўра, ғарбликлар “оқимлар” бўйича халқаро тергов текшируви шарт эмас, деб ҳисоблайдилар. “Улар учун Дания, Швеция ва Германия олиб бораётган тадқиқот етарли эмиш, бу мутлақо нотўғри фикр”. Полянскийнинг қўшимча қилишича, Хитой резолюция лойиҳасини тайёрлашда ҳамкор бўлиб иштирок этган.

 

ЎзA