Франция Президенти Эммануэль Макрон Елисей саройида Бош вазир Элизабет Борнни қабул қилиб, агар депутатлар пенсия ислоҳоти тўғрисидаги қонун лойиҳаси якуний шаклда рад этсалар, парламентнинг Миллий ассамблеяси (қуйи палатаси)ни тарқатиб юбориш масаласини муҳокама қилди. Бу ҳақда “BFM” телеканали ҳукуматдаги манбага таяниб хабар берди.

Манбага кўра, парламент қуйи палатаси тарқатиб юбориш мақсадга мувофиқлиги бўйича маслаҳатлашувлар 16 март куни давом этади, айни пайтда расмийлар қонунда назарда тутилган турли қадамларни кўриб чиқмоқда.

Ҳукумат ислоҳотни икки палатали парламентда овоз бермасдан ижро ҳокимияти фармони билан амалга ошириш имконини берувчи конституциявий қоидага мурожаат қилиши мумкин. Ҳозирги босқичда расмийлар “депутатларни ислоҳотни қабул қилиш учун овоз бериш зарурлигига ишонтиришга” умид қилмоқда, деди манба.

“France-Presse” агентлиги Макроннинг 16 мартда Миллий ассамблеяда ўтадиган овоз беришда шахсан иштирок этиш ниятида эканини хабар қилди.

Пенсия тизимини ислоҳ қилиш режалари етакчи касаба уюшмаларининг бир қатор оммавий норозиликларига сабаб бўлди. Ҳукумат қонун лойиҳасини январь ойи ўртасида тақдим этган эди. Миллий ассамблея биринчи ўқишни белгиланган муддатда якунлай олмади. Лойиҳа Сенатга юборилди ва у ерда маъқулланган эди.

 

ЎзА