Тошкентда 3-5 март кунлари дзюдо бўйича “Катта Дубулға” турнири ўтказилади. Дунёнинг 51 давлатидан 370 нафардан зиёд спортчи, 100 нафар атрофидаги спорт мутахассислари ушбу кунлари пойтахтимизда жам бўлади.
Пойтахтимиздаги “Юнусобод” спорт мажмуасида ўтказиладиган қизиқарли дзюдо беллашувлари бир қатор халқаро телеканаллар ҳамда интернет тармоқлари, расмий веб-сайтлар орқали дунёнинг юздан зиёд давлатларида намойиш этилади.
Халқаро дзюдо федерацияси тақвимидаги “Катта Дубулға” мусобақаси мукофот жамғармаси 154 минг евро этиб белгиланган бўлиб, мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган спортчилар медал ва сертификатлар қатори маълум миқдордаги пул мукофотларига сазовор бўлади.
“Катта Дубулға” турнирининг ғолиб ва совриндорлари «Париж-2024» Олимпия ўйинлари йўлидаги қимматли рейтинг очколарини ҳам қўлга киритади.
Мусобақалар давомида 196 нафар эркак ва 176 нафар аёл дзюдочи 14 та вазн тоифасида кураш олиб боради. Баҳслар давомида 1-ўринни қўлга киритган спортчи Олимпия рейтинги учун 1 000 очко, 2-ўрин 700, 3-ўрин 500 очко жамғаришга муваффақ бўлади.
Ўзбекистон дзюдо федерацияси матбуот хизмати маълумотига кўра, ушбу “Катта Дубулға” турнирида 28 нафар эркак ва 28 нафар аёл дзюдочиларимиз совринли ўринлар учун татамига чиқади.
Т.Рўзиев,
ЎзА