Ўзбекистон футбол ассоциациясида хитойлик футбол мутахассислари билан учрашув ўтказилди.
Меҳмонлар мамлакатимизнинг Осиё футболидаги мавқеини эътироф этишди. Томонлар ўзаро тажриба алмашиш масалаларини атрофлича кўриб чиқди. Хусусан, турли терма жамоалар ўртасида ўртоқлик учрашувларини ташкиллаштириш, халқаро мусобақаларга Ўзбекистон терма жамоаларини жалб этиш, Миллий, Олимпия ва аёллар терма жамоалари ўртасида турнирларни йўлга қўйиш масалаларини муҳокама қилишди.
Футбол инфратузилмаси, академиялар фаолияти ва терма жамоалар базасини ташкил этишда Хитой тажрибасини ўрганиш, ҳакамлар учун тажриба алмашиш дастурларини жорий этиш масалаларига тўхталиб ўтилди.
Ханчжоуда бўлиб ўтадиган Осиё ўйинлари олдидан икки мамлакат Олимпия терма жамоалари ўртасида ўртоқлик ўйинини ўтказиш режага киритилди, дейилади Ўзбекистон футбол ассоциацияси матбуот хизмати хабарида.
ЎзА