Ўзбекистон Республикаси Президентининг қарори

Республикада киберспортни хавфсиз ривожлантириш ва оммалаштириш бўйича экотизим яратиш, мусобақалар ва турнирларни тизимли равишда ўтказиш орқали иқтидорли ёшларни аниқлаш, танлаш ва саралаш (селекция) ҳамда уларни профессионал киберспортга йўналтириш, ахборот технологиялари ва IT-индустрия учун салоҳиятли кадрларни тайёрлаш ва уларни соҳага жалб қилиш ишларини янада кенгайтириш мақсадида:

1.Республикада киберспорт расман алоҳида спорт тури сифатида эътироф этилганлиги маълумот учун қабул қилинсин.

2.Қуйидагилар киберспорт турларини ривожлантиришнинг асосий йўналишлари этиб белгилансин:

киберспорт турлари бўйича профессионал спортчилар (киберспортчилар) ва тренерлар, малакали ҳакамлар ва шарҳловчилар ҳамда бошқа мутахассисларни тайёрлаш, қайта тайёрлаш тизимини жорий қилиш;

киберспорт турлари бўйича республика ва халқаро чемпионатлар ва турнирлар ташкил этиш, шунингдек, нуфузли халқаро ва минтақавий мусобақаларда муносиб иштирок этиш;

киберспорт турлари бўйича илмий ва ўқув-услубий қўлланмалар ва адабиётлар ишлаб чиқиш ҳамда нашр этиш;

киберспорт инфратузилмасини янада ривожлантириш ва кенгайтириш, соҳага тўғридан-тўғри инвестициялар жалб қилишни рағбатлантириш;

киберспорт турларига нисбатан ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб бориш.

3. Спортни ривожлантириш вазирлигиАхборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги республикада киберспорт турларини ривожлантириш ва кенг оммалаштиришга масъул ваколатли давлат органлари этиб белгилансин.

Бунда, уларнинг вазифалари қуйидагича белгилансин:

Спортни ривожлантириш вазирлиги – киберспортни расмий спорт тури сифатида тарғиб қилиш, у бўйича маҳаллий ва халқаро чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларни ташкил этиш, жаҳон киберспорт майдонида Ўзбекистоннинг мавқеини яхшилаш бўйича чораларни кўриш;

Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги – компьютер ўйинлари саноати бўйича маҳаллий ва хорижий компанияларга зарур шарт-шароитлар яратиш, республика миқёсида киберспорт чемпионатлари, турнирлари ва бошқа мусобақаларни ташкил этишга кўмаклашиш;

Ёшлар ишлари агентлиги – ўқувчи-ёшларнинг бўш вақтларини мазмунли ўтказиш мақсадида киберспорт турларига ёшларни, шу жумладан, жисмоний имконияти чекланган ва ногиронлиги бўлган ёшларни кенг жалб қилиш ва уларнинг ушбу йўналишдаги ютуқларини қўшимча рағбатлантириш, киберспорт бўйича халқаро чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларда маҳаллий киберспортчилар иштирок этиши учун зарур шарт-шароитлар яратиш.

4. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг 2023 йилдан бошлаб анъанавий тарзда киберспорт турлари бўйича:

ҳар йили апрель ойида “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатини;

ҳар йили декабрь ойида “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнирини;

ҳар йили июнь ойида “Ёшлар кубоги” турнирини ўтказиш тўғрисидаги таклифлари маъқуллансин.

5.Белгилансинки:

а) “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” ва “Ёшлар кубоги” турнирлари Ўзбекистон Республикаси Президентининг 2022 йил 11 апрелдаги ПҚ–201-сон қарорида белгиланган талабларга мувофиқ уч босқичда ташкил этилади. Бунда, туман (шаҳар) ва вилоят босқичлари онлайн тарзда ўтказилади;

б) “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати 2024 йил 1 январдан бошлаб,  “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” турнири эса 2023 йил 1 январдан бошлаб спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республикакалендарь режасига киритилади;

в) “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” ва “Ёшлар кубоги” турнирлари, шунингдек, киберспорт турлари бўйича бошқа чемпионатлар, турнирлар ва мусобақаларни ўтказиш бўйича махсус портални (кейинги ўринларда – Портал) яратиш ва молиялаштириш ҳамда доимий техник қўллаб-қувватлаш Дастурий маҳсулотлар ва ахборот технологиялари технологик парки дирекцияси (кейинги ўринларда – IT-парк) томонидан амалга оширилади. Бунда, Портални яратиш учун маблағлар IT-паркка Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси томонидан ажратилади;

г) “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатини ўтказиш билан боғлиқ барча харажатлар 2023 йилда қуйидаги тартибда амалга оширилади:

чемпионатнинг республика финал босқичини ўтказиш учун – Ахборот-коммуникация технологияларини ривожлантириш жамғармаси томонидан IT-паркка бир марталик ажратиладиган 1,5 миллиард сўм маблағлари ҳисобидан;

чемпионатнинг туман (шаҳар) ва вилоят босқичларини ўтказиш учун – спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ҳудудий календарь режаси, Ёшлар ишлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармасидан тенг улушларда ажратиладиган жами 2 миллиард сўм маблағлар ҳисобидан амалга оширилади;

д) 2024 йилдан бошлаб “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатини молиялаштириш манбалари этиб қуйидагилар ҳисобланади:

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг республика календарь режасига мазкур мақсадлар учун Давлат бюджети ҳисобидан ажратилган маблағлар;

ҳудудий “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари;

Қорақалпоғистон Республикаси бюджети, вилоятлар ва Тошкент шаҳри маҳаллий бюджетлари маблағлари;

жамғармалар, спорт федерация (ассоциация)лари, клублари, хорижий инвесторлар, жисмоний тарбия ва спорт жамиятлари маблағлари;

юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайриялари;

қонунчилик ҳужжатлари билан тақиқланмаган бошқа манбалар.

6.Солиқ кодексининг 369-моддаси 1-бандига мувофиқ “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” ва “Ёшлар кубоги” турнирлари, шунингдек, киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларда ғолиб ҳамда совриндор бўлган киберспортчиларга бирйўла бериладиган пул мукофотлари ва совғалар жисмоний шахслардан олинадиган даромад солиғини ҳисоблашда жами даромад таркибига киритилмаслиги ва, ўз навбатида, солиққа тортилмаслиги маълумот учун қабул қилинсин.

7. Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш бўйича идоралараро кенгаш (кейинги ўринларда – Идоралараро кенгаш) ташкил қилинсин ҳамда унинг таркиби 1-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

8. Қуйидагилар Идоралараро кенгашнинг асосий вазифалари этиб белгилансин:

мамлакатимизда киберспорт турлари салоҳиятини ўрганиш, ушбу соҳада замонавий стандартларни жорий қилишни ташкил қилиш;

ёшлар ўртасида киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларни (шу жумладан, “Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” ва “Ёшлар кубоги” турнирлари) ташкил этиш ва оммалаштириш;

киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларни ўтказиш тартиби тўғрисидаги низомларни тасдиқлаш, шу жумладан, улар доирасида ўтказиладиган киберспорт турларини белгилаш;

киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларни ўтказиш учун харажатлар сметасини тасдиқлаш ва молиялаштириш ҳажмларини белгилаш;

киберспорт турлари бўйича Ўзбекистон терма жамоаларининг жаҳон ва Осиё чемпионатлари ҳамда бошқа халқаро турнирларда иштирокини таъминлаш;

киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва бошқа мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларни рағбатлантириш чораларини белгилаш;

киберспортни янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш бўйича қўшимча шарт-шароитларни яратиш.

9. Қуйидагиларни назарда тутувчи Киберспорт турларини янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш чора-тадбирлари дастури 
2-иловага мувофиқ тасдиқлансин:

киберспорт лигасини ташкил қилиш ва унинг доирасида киберспорт клублари ўртасида тизимли равишда киберспорт лига мусобақаларини ўтказиш;

киберспортни янада ривожлантириш ва кенг оммалаштириш борасида спорт федерация (ассоциация)лари фаолиятини кучайтириш;

киберспортни ривожлантириш соҳасида давлат бошқарувини такомиллаштириш;

киберспортчиларнинг соғлиғига салбий таъсир кўрсатадиган омилларни камайтириш;

киберспортда “ping” муаммосини босқичма-босқич бартараф қилиш;

жаҳон бозорида рақобат қила оладиган киберспорт ўйинларини ишлаб чиқиш ва тижоратлаштириш;

киберспортнинг истиқболлари ҳақида тарғибот-ташвиқот ишларини кучайтириш;

киберспорт билан шуғулланаётган ёшларда соғлом спорт маданиятини шакллантириш, улар томонидан қонунга хилоф ва ғайриижтимоий хатти-ҳаракатлар содир этилишининг олдини олиш.

10. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлигининг:

Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетида 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналишини очиш ҳамда ушбу йўналиш бўйича ўқиш муддатини 3 йил этиб белгилаш;

“Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионатида охирги бир йилда ғолиб (1-ўрин) бўлган киберспортчиларни 2023/2024 ўқув йилидан бошлаб Ўзбекистон давлат жисмоний тарбия ва спорт университетининг “Спорт фаолияти: киберспорт” бакалавриат таълим йўналишига касбий (ижодий) имтиҳонларни топширишдан озод қилиш ва уларга максимал балл бериш;

киберспорт фаолиятини ўзини ўзи банд қилган шахслар шуғулланиши мумкин бўлган фаолият (ишлар, хизматлар) турлари рўйхатига киритиш;

Жисмоний тарбия ва спорт бўйича мутахассисларни қайта тайёрлаш ва малакасини ошириш институтида киберспорт турлари бўйича тренерлар,шарҳловчилар, ҳакамлар ва бошқа мутахассисларни қайта тайёрлаш тўғрисидаги таклифларига розилик берилсин.

11. Инновацион ривожланиш вазирлиги (И.Абдурахмонов) Спортни ривожлантириш вазирлиги, Халқ таълими вазирлиги, киберспорт бўйича самарали фаолият олиб бораётган спорт федерация (ассоциация)лари ва бошқа манфаатдор вазирлик ва идоралар билан биргаликда миллий киберспорт ўйинларини яратиш ва тарғиб қилиш мақсадида Жисмоний тарбия ва спорт илмий тадқиқотлар институтига 2023 йилда грант ажратсин.

12.Бандлик ва меҳнат муносабатлари вазирлиги (Н.Хусанов) Спортни ривожлантириш вазирлиги ва Ўзбекистон техник жиҳатдан тартибга солиш агентлиги билан биргаликда икки ой муддатда Хизматчиларнинг асосий лавозимлари ва ишчилар касблари классификаторига (ХАЛИКК-2020) киберспорт тренери, киберспорт ҳаками ва бошқа киберспорт мутахассислари киритилишини таъминласин.

13.Ёшлар ишлари агентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлигининг 2023 йил 1 январдан бошлаб:

киберспорт клубларига уларнинг бино ва иншоотлар ижара тўлови харажатларини қоплаш учун ҳудудий “Ёшлар дафтари” жамғармалари маблағлари ҳисобидан ҳар ойда 3 ой давомида 15 миллион сўмгача пул маблағларини ажратиш;

ажратилаётган маблағларни киберспорт клубларига алоҳида шартлар (киберспортчиларни тайёрлаш, тренер жалб қилиш, мусобақаларда иштирок этиш ва бошқалар) асосида бериш тўғрисидаги таклифи маъқуллансин.

Ёшлар ишлари агентлиги, Спортни ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги бир ой муддатда киберспорт клубларига пул маблағларини ажратиш шартларини белгиласин ва эълон қилсин.

14. Олимпия шаҳарчаси объектларини лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, жиҳозлаш ва молиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳининг Тошкент шаҳри, Яшнобод туманида барпо этилаётган Олимпия шаҳарчасида киберспорт турлари бўйича чемпионатлар, турнирлар ва мусобақаларни ўтказиш учун замонавий киберзонани ташкил қилиш тўғрисидаги таклифи қабул қилинсин.

Бунда, киберзона, шу жумладан, қуйидагилардан иборат бўлиши белгилаб қўйилсин:

чемпионатлар, турнирлар ва мусобақалар ўтказиладиган махсус зал;

мобил киберспорт машғулотлари зали;

сервер ускуналари сақланадиган жой;

ўқув-машғулот маркази;

чемпионатлар, турнирлар ва мусобақаларни тўғридан-тўғри ёритиш, сценаристлар, режиссёрлар, таҳлилчилар ва шарҳловчилар учун студия;

киберспорт маҳсулотлари ва товарларини реклама ҳамда реализация қилиш шохобчаси.

Белгилансинки, киберзона фаолиятини ташкил қилиш билан боғлиқ харажатлар Олимпия шаҳарчаси объектларини лойиҳалаш, қурилиш-монтаж ва жиҳозлаш ишлари учун белгиланган манбалар ҳисобидан амалга оширилади.

Олимпия шаҳарчаси объектларини лойиҳалаш, қурилиш-монтаж, жиҳозлаш ва молиялаштириш ишларини мувофиқлаштириш бўйича ишчи гуруҳи (А.Арипов) киберзонанинг лойиҳа-смета ҳужжатлари белгиланган тартибда ишлаб чиқилиши ҳамда давлат экспертизасидан ўтказилишини таъминласин, шунингдек, лойиҳа объектлари ўз вақтида ва сифатли қурилиши устидан назорат ўрнатсин.

15. Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги:

Инвестициялар ва ташқи савдо вазирлиги билан биргаликда 2023-2024 йилларда замонавий киберспорт ареналарини ташкил қилиш, уларни зарур асбоб-ускуналар билан жиҳозлаш, киберспорт турлари бўйича халқаро турнирларни ўтказиш учун халқаро ташкилотлар грантлари, техник кўмак ва бошқа ташқи беғараз кўмак маблағларини жалб қилиш чораларини кўрсин;

“Uzbekistan Esports Championship” республика чемпионати, “Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси кубоги” ва “Ёшлар кубоги” турнирларининг саралаш босқичлари ўтказилишини таъминласин.

16. Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши, вилоятлар ва Тошкент шаҳри ҳокимликлари Спортни ривожлантириш вазирлиги, Ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазирлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ҳамда киберспорт бўйича самарали фаолият олиб бораётган спорт федерация (ассоциация)лари билан биргаликда икки ой муддатда ҳар бир ҳудуднинг битта тумани (шаҳри)да киберспортнинг камида иккита турини оммалаштириш бўйича “йўл хариталарини тасдиқласин. Бунда, 2023 йилдан бошлаб ҳудудларда қуйидаги чора-тадбирлар амалга оширилиши назарда тутилсин:

спорт ва оммавий жисмоний тарбия тадбирларининг ҳудудий календарь режаларига киберспорт турлари бўйича мусобақаларни киритиш ҳамда тизимли равишда ҳудудий спорт мусобақаларини ўтказиш, шу жумладан, ҳар йили бир маротаба “Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси кубоги” ва “Ҳоким кубоги” турнирларини ташкил қилиш;

киберспорт бўйича тизимли равишда ҳудудий спорт мусобақаларини ўтказиш учун маҳаллий бюджетлар маблағлари, юридик ва жисмоний шахсларнинг ҳомийлик хайрияларини жалб қилиш;

мусобақаларда ғолиб ва совриндор бўлган жамоаларни пул мукофотлари, диплом, медаль, кубок ва бошқа совғалар билан тақдирлаш;

киберспорт бўйича ҳудудий спорт федерация (ассоциация)ларини ташкил қилишни қўллаб-қувватлаш, мавжуд спорт федерация (ассоциация)лари ҳудудий бўлинмаларининг фаолиятини кенгайтиришга кўмаклашиш.

17.Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги (А.Кўчимов) ҳамда Ўзбекистон Миллий телерадиокомпанияси (А.Хаджаев) бир ой муддатда киберспорт турларига нисбатан ижобий жамоатчилик фикрини шакллантириш, оммавий ахборот воситалари ва ижтимоий тармоқларда кенг тарғибот-ташвиқот ишларини олиб боришга қаратилган мақолалар эълон қилиш, тематик телекўрсатувлар намойиш этиш бўйича медиа-режа қабул қилсин.

18. Ушбу қарорнинг ижросини самарали ташкил қилишга масъул ва шахсий жавобгар этиб спортни ривожлантириш вазири А.И.Икрамов, ахборот технологиялари ва коммуникацияларини ривожлантириш вазири Ш.Х.Шерматов ҳамда Ёшлар ишлари агентлиги директори А.З. Саъдуллаев белгилансин.

Қарор ижросини муҳокама қилиб бориш, ижро учун масъул идоралар фаолиятини мувофиқлаштириш ва назорат қилиш Ўзбекистон Республикаси Бош вазири А.Н.Арипов зиммасига юклансин.

 

Ўзбекистон Республикаси

        Президенти                                                                                                                  Ш.МИРЗИЁЕВ

 

Тошкент шаҳри,

2022 йил 16 ноябрь