Ўтган ҳафта давомида Профессионал теннисчилар уюшмаси – АТР томонидан Болгария, Эквадор, Венгрия ва Францияда ўтказилган халқаро турнирларда ғолиблар номи аниқланди.
София шаҳрида ўтказилган “Diema Xtra Sofia Open – 2018” турнирининг финал учрашувида Босния ва Герцеговина вакили Мирза Басич руминиялик Мариус Копилни 7:6, 6:7, 6:4 ҳисобида мағлубиятга учратиб, бош совринни қўлга киритди.
Монпелье шаҳри мезбонлик қилган “ATP Open Sud de France – 2018” мусобақасининг финалида франциялик Люка Пуй ва Ришар Гаске ўзаро рақобатлашди. Мазкур ўйинда Люка Пуй 7:6, 6:4 ҳисобида ҳамюрти устидан зафар қучиб, турнир ғолибига айланди.
Кито шаҳридаги “Ecuador Open – 2018” турнирининг финал баҳсида икки испаниялик теннисчи – Роберто Карбальес-Баэн ва Альберт Рамос ўртасидаги учрашув 6:3, 4:6, 6:4 ҳисобида якунланди. Шу тарифа Роберто фаолиятидаги илк совринни қўлга киритди.
Шунингдек, Будапешт шаҳрида ўтказилган “Челленжер” турнирида канадалик теннисчи Вашек Поспишил барча рақибларини мағлубиятга учратиб, турнирнинг бу йилги ғолиби деб топилди.
Жавоҳир Тошхўжаев, ЎзА