Президент Шавкат Мирзиёевнинг Покистонга давлат ташрифи доирасида мезбон мамлакат оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистон-Покистон муносабатлари ва ҳамкорлик истиқболига бағишланган кўплаб материаллар чоп этилганига гувоҳ бўлиш мумкин.

Хусусан, “Pakistan Today”, “Dawn”, “Pakistan observer”, “National Herald Tribune”, “The Diplomatic Insight”, “Associated press of Pakistan”, “The Express Tribune”, “Ary News”, “The Dawn”, “Daily Ittihad”, “Eurasia diary”, “The Destination”, “Pakistan in the world”, “Lahore Herald” каби йирик нашрлар ва онлайн платформаларда ҳамда бошқа оммавий ахборот воситаларида 20 февраль-2 март оралиғида 200дан зиёд ахборот ва ташрифга оид маълумотлар чоп этилган.

Покистон оммавий ахборот воситаларида Ўзбекистонда амалга оширилаётган кенг кўламли ислоҳотлар алоҳида эътироф этилмоқда ва бу Марказий Осиёда Тошкент мавқеининг янада мустаҳкамланишига хизмат қилмоқда.

Жумладан, “Pakistan observer” нашрида Ўзбекистон ҳақида шундай таъриф берилган: “Ўзбекистон – Марказий Осиёнинг “дарвозаси” ҳисобланади. У минтақа ва унинг чегараларида ижтимоий-иқтисодий, транспорт ва маданий-гуманитар соҳалар интеграциялашувига катта ҳиссса қўшди”.

Аксарият Покистон ахборот ва янгиликлар онлайн порталлари Ўзбекистоннинг МДҲ, Марказий ва Жанубий Осиё давлатлари учун нафақат ишбилармонлик маркази, балки инвестиция киритиш, бизнес ва савдо учун жозибадор давлатга айланганини эътироф этишган.

Маҳаллий экспертлар, айниқса, икки давлат ўртасидаги мустаҳкам ҳамкорликни янги босқичга олиб чиқишда муҳим асос бўладиган Шавкат Мирзиёев ва Покистон Бош вазири Имрон Хон ўртасидаги ишонч ва дўстона муносабатларга алоҳида урғу беришмоқда.

Шунингдек, “Urdu Point” нашрида икки давлат ҳамкорлиги борасида шундай сатрлар учрайди: “Томонлар давлат бошқаруви соҳасида тажриба алмашиш учун катта имкониятларга эга. Жорий йилнинг 1 март куни Исломободда Покистон ва Ўзбекистоннинг 100 нафарга яқин вакиллари иштирокида “Шавкат Мирзиёев: Янги Ўзбекистон стратегияси” китобининг тақдимоти бўлиб ўтди. Китоб тақдимоти рамзий маънога эга, чунки Президент Шавкат Мирзиёев ўз юртида ҳозир Покистонда амалга оширилаётган демократик ва ижтимоий кенг кўламли ислоҳотларни амалга оширди”.

Покистон ОАВ нашрлари таҳлили шуни кўрсатдики, Покистон ҳукумати ва жамияти Шавкат Мирзиёевнинг давлат ташрифидан юқори ва самарали натижаларни мақсад қилган. Зеро, “томонлар манфаатларини кўзлаган нуфузли учрашув стратегик шерикликни янада тизимлаштириш ва тартибга солишга, шунингдек, амалий жиҳатдан самарали ҳамкорликни йўлга қўйишга хизмат қилади”.