Бугунги кунда мамлакатимизда олиб борилаётган чуқур ислоҳотлар таълим тизимида ҳам амалга оширилиб, халқ хўжалигининг барча жабҳаларини замонавий фикрлайдиган етук мутахассис кадрлар билан таъминлашда ўз самарасини бермоқда. Янги Ўзбекистонда малакали мутахассислар тайёрлаш олий таълим тизими олдидаги муҳим вазифалардан биридир. Шу нуқтаи назардан Президентимизнинг 2021 йил 24 декабрь куни ПҚ 61-сон “Давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик бериш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарори қабул қилинди.

Мазкур қарор олий таълим тизимида амалга оширилаётган ислоҳотлар самарадорлигини янада ошириш, олий тълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш ва янгилаб бориш, профессор-ўқитувчиларнинг илмий-тадқиқот фаолиятини такомиллаштиришда зарур маблағларни жалб этиш имкониятини кенгайтириш, олий таълим муассасалари ўртасида соғлом рақобат муҳитини ривожлантиришда муҳим қадам бўлди.

Мазкур қарорда 2022 йил 1 январдан бошлаб 35 та етакчи давлат олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилиши белгиланган. Ушбу қарор асосида молиявий мустақиллик берилаётган ОТМларга бир қанча ваколатлар ҳам берилган. Берилаётган ушбу ваколатлар доирасида олий таълим муассасалари:

– тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини белгилаш;

– талабаларнинг тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтириш;

– ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиш;

– хорижий ўқув ва илмий адабиётлар, дарсликлар, ўқув қўлланмаларни тўғридан тўғри харид қилиш;

– 2022 йил 1 январдан бошлаб молиявий мустақиллик берилган давлат ОТМларида васийлик кенгашлари тугатилиши ҳамда уларнинг ўрнида таркибининг камида 70 фоизи тегишли вазирлик, идоралар, кадрлар буюртмачилари, жамоатчилик вакиллари ва ҳомийлардан иборат бўлган юридик шахс мақомисиз ОТМларнинг Кузатув кенгашлари ташкил этилиши тарихий воқеа бўлди.

Молиявий мустақиллик берилган олий таълим муассасаларининг берилган ваколатларидан фойдаланиб талабаларнинг тўлов-контракт асосида ўқитиш қийматини, тўлов-контракт маблағларини тўлаш муддатларини белгилаш ва узайтиришни мустақил белгилаши ҳамда ўз маблағлари ҳисобидан талабалар учун стипендия ва грантлар ажратиши ҳамда ўз иқтидори ва заковатини намоён қилишлари учун таълим олишни хоҳлаган ҳар бир ёш учун берилаётган катта имконият эшикларини очиб беради. Бу эса талабалар ва уларнинг ота-оналари учун қулай имконият ва шароитлар яратиши шубҳасиздир.

Талабаларни тўлов-контракт асосида ўқитиш қиймати олий таълим муассасаси томонидан ҳар бир ҳудуднинг ўзига хослигидан келиб чиқиб таълим хизматлари бозоридаги талаб ва таклифлар асосида шакллантирилиши таълим олувчилар учун имконият ҳисобланади.

Шунингдек, дунёнинг ривожланган давлатларининг етакчи олий таълим муассасалари билан ҳамкорликни янада ривожлантиришда улар билан бевосита шартномалар асосида профессор-ўқитувчиларни таълим жараёнига жалб қилиш ва тажрибаларини ўрганиш, етакчи хорижий профессор-ўқитувчилар томонидан нашр этилган ўқув ва илмий адабиётларни тўғридан-тўғри харид қилиш имкониятининг берилиши Ахборот ресурс маркази жамғармасининг китоблар билан тўлдирилиши ва бойишида, талабаларнинг билим, кўникма ва малакаларининг янада ошишида муҳим омил бўлиши табиий.

Шунингдек, илм-фан ва инновацияларни ривожлантиришнинг устувор йўналишларидан келиб чиққан ҳолда олий таълим муассасаларининг инновацион ва бошқа жамғармалар маблағларини мақсадли сарфлаш учун шароит яратади.

Ушбу қарорнинг қабул қилиниши натижасида олий таълим муассасаларининг фуқароларга таълим хизматларини кўрсатиш қамрови ва сифати, таълим жараёнини илғор олий таълим стандартларига мувофиқлаштириш борасида амалга ошириладиган ишлар, шу билан бирга рақобатбардош мутахассислар тайёрлаш даражаси янада юқори поғоналарга кўтарилади.

Олий таълим муассасаларига молиявий мустақиллик берилиши мамлакатимизда таълим тизимида бўлаётган ислоҳотларнинг узвий давоми бўлиб, ушбу қарорнинг амалга ошиши натижасида замонавий дунёқарашга, чуқур ва креатив фикрлайдиган, юқори малакага эга мутахассислар шаклланади. Мамлакатимиз иқтисодиётининг ривожида илм-фаннинг ўрни, аҳамияти янада ошади ҳамда халқаро майдонда давлатимиз нуфузи ошишига туртки бўлади.

Мухтар Ибрагимов,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

Фан, таълим, маданият ва спорт

масалалари қўмитаси аъзоси.

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги