Ҳар қандай мамлакатнинг келажаги ва ривожланиши таълим соҳаси билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, замонавий ҳаётни илм-маърифат ва таълимнинг тараққиётисиз тасаввур этиб бўлмайди. Шунинг учун ҳам бугинги кунда давлатимизда замонавий билим ва юксак маънавий-ахлоқий фазилатларга эга, мустақил фикрлайдиган юқори малакали кадрлар тайёрлаш, илғор технологияларга асосланган таълим соҳасини ривожлантириш – энг буюк мақсадларимиздан бири этиб белгиланган. Айнан шу олий мақсадларимизни амалга ошириш йўлида давлатимиз раҳбари томонидан қатор Қорар ва Фармонлар қабул қилинди. Жумладан, 2019 йил 8 октябрдаги ПФ-5847-сон «Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси», 2017 йил 20 апрелдаги ПҚ-2909-сон «Олий таълим тизимини янада ривожлантириш чора-тадбирлари туғрисида», 2018 йил 5 июндаги ПҚ-3775-сон «Олий таълим муассасаларида таълим сифатини ошириш ва уларнинг мамлакатда амалга оширилаётган кенг камровли ислоҳотларда фаол иштирокини таъминлаш буйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги карорлари ва мазкур фаолиятга тегишли бошқа да меъёрий-ҳуқуқий ҳужжатларни кўрсатиб ўтишимиз мумкин.
2021 йили 24 декабрь санасида Ўзбекистон Республикаси Президентининг таълим соҳасига доир яна бир муҳим «Давлат олий таълим муассасаларининг академик ва ташкилий-бошқарув мустақиллигини таъминлаш
бўйича қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» ги ПҚ- 60 сонли Қарори қабул қилинди. Ушбу Қарорда олий таълим соҳасида давлат-хусусий шерикликни ривожлантириш, ҳудудларда давлат ва нодавлат олий таълим муассасалари фаолиятини ташкил этиш асосида олий таълим билан қамров даражасини 50 фоиздан ошириш, соҳада соғлом рақобат муҳитини яратиш, республикадаги камида 10 та олий таълим муассасасини халқаро эътироф этилган ташкилотлар (Quacquarelli Symonds World University Rankings, Times Нigher Education ёки Academic Ranking of World Universities) рейтингининг биринчи 1 000 та ўриндаги олий таълим муассасалари рўйхатига киритиш, олий таълим муассасаларида ўқув жараёнини босқичма-босқич кредит-модуль тизимига ўтказиш, халқаро тажрибалардан келиб чиқиб, олий таълимнинг илғор стандартларини жорий этиш, олий таълим мазмунини сифат жиҳатидан янги босқичга кўтариш, олий таълим муассасаларининг академик мустақиллигини таъминлаш сингари қатор вазифалар белгиланган. Жумладан, олий таълим муассасаларининг илмий базасини мустаҳкамлаш юзасидан олий таълим юртининг профессор-ўқитувчилари, илмий изланувчилари, докторантлари, бакалавриат ва магистратура талабаларининг юқори импакт-факторга эга нуфузли халқаро илмий журналларда мақолалар чоп этиши, шунингдек республика илмий журналларини халқаро илмий-техник маълумотлар базасига босқичма-босқич киритилишини таъминлаш вазифаси ҳам алоҳида эътироф этилган.
Шуни таъкидлашмиз жоизки, Ўзбекистон олий таълим тизимини Марказий Осиёда халқаро таълим дастурларини амалга оширувчи «хаб»га айлантириш, хорижий таълим ва илм-фан технологияларини жалб этиш, таълимнинг ишлаб чиқариш корхоналари ва илмий-тадқиқот институтлари билан ўзаро манфаатли ҳамкорлигини йўлга қўйиш, имконияти чекланган шахсларнинг олий таълим билан қамров даражасини ошириш, улар учун инфратузилмага оид шароитларни яхшилаш ҳам долзарб вазифалардан биридир.
Мазкур Қарорда Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Таълим сифатини назорат қилиш давлат инспекциясининг Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ҳузуридаги Жамоатчилик кенгаши ҳамда Ўзбекистон олий таълим муассасалари ректорлари кенгаши негизида нодавлат нотижорат ташкилот шаклидаги Республика олий таълим кенгашини ташкил этиш тўғрисидаги таклиф қабул қилиб, ушбу Кенгашнинг асосий вазифаларини белгилаб берилган.
Олий таълимнинг самарадорлиги профессор-ўқитувчилар учун яратилган шароитлар, улар томонидан таълим беришда қўлланилаётган таълим-тарбия усулларининг таъсирчанлигига бевосита боғлиқ. Шунинг учун ҳам таълим беришда юқори сифатни таъминлаш юзасидан таъсирчан жамоатчилик назоратини ўрнатиш, шаффофлик, холислик ва объективликни таъминлаш, коррупцияга шароит яратувчи омилларни бартараф этиш муҳим ҳисобланади. Мазкур Қарорнинг яна бир муҳим жиҳати шундаки, олий таълим тизимида кадрлар тайёрлаш, қайта тайёрлаш, малакасини ошириш ва педагогларнинг илмий-инновацион фаолиятини ривожлантириш бўйича ишларни мазмунли ва мақсадли ташкил этиш юзасидан таклиф ва тавсиялар ишлаб чиқиш зарурлиги, халқаро алоқалар натижадорлигини таҳлил қилиш, қўшма дастурлар самарадорлигини баҳолаш, ҳамкорликнинг янги шаклларини ривожлантириш, чет эллик профессор-ўқитувчилар ва хориждаги ватандошларни олий таълим тизимига жалб этиш бўйича вазифаларни кўндаланг қўяди. Биз, ушбу Қарорнинг «Ўзбекистон Республикасида 2030 йилгача олий таълим тизимини ривожлантириш концепцияси»нинг муҳим бўлимларидан бир эканлигини яна бир бор таъкидлаган ҳолда, унинг олий таълим хизматлари ва меҳнат бозорларини самарали ривожланиши, олий таълим хизматлари субъектлари бўлган олий ўқув юртлари томонидан тайёрланадиган юқори малакали мутахассисларни тайёрлашдаги беқиёс ўрнини белгилаб ўтмоқчимиз. Чунки бозор муносабатлари шароитида эркин рақобатга асосланган ижтимоий-иқтисодий ривожланиш айнан таълим соҳасида инновацион янгиликларини киритишга асослангандагина мамлакатимизнинг жаҳон бозоридаги рақобатбардошлигини таъминлашимиз мумкин. Бу эса таълим тизимини ривожлантиришнинг янги босқичларини амалга тадбиқ этиш билан белгилади.
Мухтар Ибрагимов,
Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,
Фан, таълим, маданият ва спорт
масалалари қўмитаси аъзоси.
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги