Ўзбекистон «Миллий тикланиш» демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Алишер Қодиров Тошкент шаҳридаги 116-сайлов участкасида овоз берди.

Таъкидлаш жоизки, мамлакатимиз тараққиёти ва халқимиз фаровонлигини янада юксалтириш, эртанги кунимиз равнақида бугунги Президент сайлови ҳал қилувчи аҳамият касб этади. Шу боис ҳам юртимизда ушбу сиёсий жараёнга пухта ва қизғин ҳозирлик кўрилди. Сайлов янги Сайлов кодекси асосида ташкил этилди.

Фуқароларнинг давлат ҳокимияти вакиллик органларига сайлаш ва сайланиш ҳуқуқига эга экани Конституциямизда мустаҳкамлаб қўйилган. Сайловлар демократик ҳуқуқий давлатнинг асосий белгиси, халқ хоҳиш-иродасининг эркин ифодасидир. Мамлакатимизда яратилган сайлов тизими фуқароларнинг энг муҳим сиёсий ҳуқуқи тўлиқ амалга ошишига хизмат қилаётир.

Сайлов жараёни халқаро ҳуқуқ нормаларига мос, ошкоралик, кўппартиявийлик, эркинлик, тенглик тамойилларига мувофиқ ўтмоқда. Бунда сайлов тизимига оид қонунчиликда фуқароларнинг сайловолди кампаниясида ва овоз беришда эркин қатнашиши, овоз бериш яширинлиги, буни ҳар бир фуқаронинг ўзи бевосита амалга ошириши белгилаб қўйилгани алоҳида аҳамият касб этди.

 

Муҳтарама Комилова, Темур Мамадаминов(сурат), ЎзА