Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов Ўзбекистон Республикаси Президенти Шавкат Мирзиёев ҳамроҳлигида Мустақиллик майдонига ташриф буюрди.

Олий мартабали меҳмон Мустақиллик ва эзгулик монументи пойига гул қўйди.

Туркманистон раҳбарига Мустақиллик майдонининг мазмун-моҳияти ҳақида сўзлаб берилди. Шундан сўнг Туркманистон делегацияси ўзи учун ажратилган қароргоҳга йўл олди.

Ташрифнинг асосий воқеалари 5 октябрь куни Кўксарой қароргоҳида бўлиб ўтади.

Ўзбекистон Президенти Шавкат Мирзиёев ва Туркманистон Президенти Гурбангули Бердимуҳамедов мамлакатларимиз ўртасидаги дўстлик, яхши қўшничилик ва стратегик шериклик муносабатларини кенгайтириш ва мустаҳкамлаш масалаларини муҳокама қиладилар.

Музокараларда асосий эътибор савдо, транспорт ва транзит, энергетика соҳаларидаги иқтисодий ҳамкорликни янада кенгайтириш, саноат, қишлоқ ва сув хўжалигида кооперация лойиҳаларини илгари суриш, икки мамлакат ҳудудлари ўртасидаги алоқаларни фаоллаштириш, маданий-гуманитар алмашинув бўйича қўшма дастурларни амалга оширишга қаратилиши кутилмоқда.

Давлат раҳбарлари халқаро сиёсат ва минтақавий ҳамкорликнинг долзарб масалалари юзасидан ҳам фикр алмашадилар.

Ташриф доирасида қатор икки томонлама тадбирлар, шу жумладан, Иқтисодий форум ўтказилиши кўзда тутилган.

 

ЎзА