Бугунги кунда мамлакатимизда ёш авлод таълим-тарбиясига алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бирига айланган ушбу тизимда аллақачон фаолиятга янгича ёндашув, ўзгаришлар ва ислоҳотлар жараёни кечмоқда. Боиси, Ватанимизнинг эртанги тақдири, истиқболи ёшларнинг  билими, таълим-тарбияси ва эгаллаётган касб-корига боғлиқ.

Таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, педагог ходимлар ва олимларнинг фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, айниқса, олий таълим муассасаларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш бўйича истиқболли вазифалар белгиланди.

Шуни таъкидлаш жоизки, олий таълим тизимини такомиллаштириш бўйича президент фармони ва қарорлари асосида олий таълим муассассларининг талабаларни қабул қилиш квоталари сезиларли даражада оширилди, таълим сифати учун жуда муҳим бўлган ўқишга қабул жараёни такомиллаштирилди ва шаффофлашди. Натижада билимли, талабчан, иқтидорли ва қобилиятли ёшларни ўқишга танлаб олишнинг мукаммал тизими яратилди. Кейинги йилларда янги, шу билан бирга хорижий олий таълим муассасалари очилди. Мавжуд ОТМларда эса янги бакалавр таълим йўналишлари ва магистратура мутахассисликлари учун ўқув жараёнлари ташкил этилиб, талаб ва таклифлардан келиб чиққан ҳолда таълимнинг сиртқи ва кечки шакллари очилди. ОТМларнинг халқаро рейтинглари яхшиланиши натижасида нуфузли хорижий ОТМлар билан таълим ва илмий соҳаларда ҳар томонлама ҳамкорликлар кучаймоқда. Сифатли таълим жараёнини ташкил этиш учун  ОТМларда ҳар томонлама моддий-техник базалари  яхшиланди. Соғлом рақобат муҳитини такомиллаштириш учун профессор-ўқитувчиларнинг илмий даражаси, ишланмалари, илмий мақолаларидан келиб чиқиб уларнинг илмий фаолиятига ҳақ тўлаш тизими шакллантирилди. Энг асосий кўрсаткичлардан бири бўлган ўқитувчилар мавқеи ва ОТМлар обрўси оширилди.

Барчамизга маълумки, жорий йилнинг 16 июнь куни Президент Шавкат Мирзиёев раислигида олий таълимдаги устувор вазифалар муҳокамаси бўйича видеоселектор йиғилиши ўтказилди. Мазкур видеоселектор йиғилишида давлатимиз раҳбари таълим сифатини яхшилаш ва унинг барча жараёнларини бозор эҳтиёжларидан келиб чиқиб ташкил этиш масаласи Олий таълим вазирлиги, ректорларнинг эътиборидан четда қолиб кетаётганини қайд этди. Айтиш жоизки, бугунги кунда ёшларни билим ва малакали этиб тарбиялаш, жаҳон тараққиётига мос мутахассислар тайёрлаш мақсадида таълим тизими изчил ривожлантирилмоқда. Олий таълим соҳасидаги дастлабки ислоҳотлар, аввало, қамровни ошириш, институт ва университетларнинг молиявий ҳолатини яхшилаш, профессор-ўқитувчиларни моддий қўллаб-қувватлашга қаратилмоқда.

Хусусан, мамлакатимиз таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштириш, илм-фан соҳаси ривожини жадаллаштириш мақсадида, давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармони, «Таълим-тарбия тизимини янада такомиллаштиришга оид қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида»ги ва  “Олий таълим ташкилотларида таълим олиш имкониятларини янада кенгайтириш чора-тадбирлари тўғрисида”ги қарорларининг қабул қилиниши таълим-тарбия ва илм-фан тараққиётига бирламчи эътибор қаратилаётганининг ёрқин намунаси бўлди.

Фармонда таълим сифатини ошириш, илм-фанни ривожлантириш, битирувчиларнинг бандлигини таъминлаш, педагог ходимлар ва олимларнинг фаолият юритиши учун шарт-шароитлар яратиш, таълим муассасаларининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш бўйича қатор истиқболли вазифалар белгиланган. Шунингдек,  фармон ва қарорда ҳозирги муаммоларни ҳал қиладиган, яқин беш йилда натижасини кӯрсатадиган ва тараққиёт даражасини белгилаб берадиган мақсадлар қамраб олинган.

Жумладан, фармонда кўп йиллар давомида педагогларнинг оғриқли нуқтасига айланган, уларнинг обрўсига раҳна солаётган омилларни бартараф этиш, жамиятда муаллимнинг обрў-этиборини ва мақомини кўтариш, ўқув дастурлари ва методикасини тўлиқ қайта кӯриб чиқиш, педагог ходимларнинг ойлик маошини кескин ошириш, ортиқча қоғозбозликлардан холос этиш, ўз устида кӯпроқ ишлаши учун шароит яратиш ва шуни рағбатлантириш каби масалаларнинг ечимлари аниқ белгилаб берилди.

Айниқса, Давлатимиз раҳбарининг «Ўзбекистоннинг янги тараққиёт даврида таълим-тарбия ва илм-фан соҳаларини ривожлантириш чора-тадбирлари тўғрисида»ги фармонининг 18-бандида олий таълим соҳасида соғлом рақобат муҳитини шакллантириш, олий таълим билан қамраб олиш даражасини ошириш мақсадида Қорақалпоғистон Республикаси Вазирлар Кенгаши ва вилоятлар ҳокимликлари Олий ва ӯрта махсус таълим вазирлиги билан биргаликда 2021 йил 1 сентябрга қадар ҳар бир ҳудудда нодавлат, жумладан давлат-хусусий шериклик асосида камида биттадан олий таълим ташкилотини ташкил қилиниши таъкидланган.

Яна бир муҳим жиҳат – 2021-2222 ўқув йилидан бошлаб, Ўзбекистондаги ОТМларда кундузги, кечки ва сиртқи таълим шакллари билан бирга, масофавий шаклда ҳам кадрлар тайёрлаш босқичма-босқич йўлга қўйилади. Шунингдек, ўтган йили янги таҳрирда қабул қилинган «Таълим тўғрисида»ги қонунга масофавий ва дуал таълим шакллари ҳам киритилган эди.

Умуман олганда,  давлатимиз раҳбари томонидан таълим соҳаси ривожига ҳам алоҳида эътибор қаратилмоқда. Бундай катта эътибор ва ғамхўрлик келажагимиз бўлган ёшларимизни билимли, ҳар томонлама етук, комил инсон қилиб тарбиялашга хизмат қилади.

Мухтор ИБРАГИМОВ,

Олий Мажлис Қонунчилик палатаси депутати,

ЎзЛиДеП фракцияси аъзоси

Қорақалпоғистон ахборот агентлиги