Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институти ректори, профессор Байрамбай Отемуратов Россия Федерациясидаги Кубань давлат университетига хизмат сафари доирасида ташриф буюрди.
Университет ректори Михаил Астапов билан бўлиб ўтган учрашувда икки олий таълим муассасаси раҳбарлари 2018 йилдан буён йўлга қўйилган ҳамкорликнинг натижалари тўғрисида суҳбатлашди.
Таъкидлаб ўтиш жоиз, 2018 йил 18-19 октябрь кунлари Тошкент шаҳрида бўлиб ўтган Биринчи Россия-Ўзбекистон таълим форумида икки олий таълим муассасаси ўртасида ҳамкорлик шартномаси имзоланиб, амалий ишлар бошланган эди. Шу аснода Кубань давлат университетининг бирнечта профессор-ўқитувчилари Нукус ДПИга ташриф буюриб, талабаларга маърузалар ўқиб, анжуман ва семинарларда иштирок этди. 2019 йил институтнинг 10 нафар талабаси илмий раҳбарлари билан биргаликда Кубань давлат университетида ташкил этилган ёзги мактабда ўқиш ва амалий курслардан ўтиб қайтди. Шунингдек, ўтган 2020 йил февраль-июнь ойларида Нукус ДПИнинг иккита магистранти мазкур университетда олти ойлик алмашув дастури асосида билим ва кўникмаларини ошириб келди.
Учрашувда олий таълим муассасалари ўртасидаги ҳамкорликни янада кучайтириш юзасидан амалга ошириладиган ишлар муҳокама қилинди. Чунончи, Нукус давлат педагогика институтида Кубань давлат университети билан ҳамкорликда рус тили бўйича сертификат берувчи марказ очиш ва унда Кубаньдаги машҳур профессор-ўқитувчилар иштирокини таъминлаш орқали халқаро сертификат беришни йўлга қўйиш, дефектология таълим йўналиши бўйича келгуси ўқув йилидан бошлаб «2+2» тизими доирасида қўшма бакалавриат дастурини ташкил этиш, институт ҳузуридаги математикага ихтисослаштирилган мактабда Кубань давлат университети профессор-ўқитувчилари билан ҳамкорликда ўкувчиларнинг билимини ошириш, олимпиадаларга тайёрлаш, шу билан бирга, икки олий таълим муассасаси профессор-ўқитувчилари билан биргаликда дарслик, ўқув қўлланмаларини тайёрлаш ҳамда нашр қилдириш масалалари бўйича амалга ошириладиган ишлар келишиб олинди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.