Ажиниёз номидаги Нукус давлат педагогика институтида Покистон Ислом Республикаси Панжоб университети билан илмий-педагогик фаолиятда икки томонлама ҳамкорлик бўйича музокаралар олиб борилиб, келгусида амалга ошириладиган вазифалар белгилаб олинганлиги ҳақида хабар берган эдик.
Институтнинг илмий ишлар ва инновациялар бўйича проректори П.Калханов, халқаро алоқалар бўлими бошлиғи А.Бимбетов ҳамда чет тиллари кафедраси бошлиғи Н.Бабаниязова, шунингдек, Ўзбекистоннинг Покистондаги элчихонаси сиёсий масалалар бўйича котиби Х.Тошбоевлардан иборат делегация Покистон Ислом Республикасининг Лаҳор шаҳрида жойлашган Панжоб университетига хизмат сафари билан ташриф буюрди.
Панжоб университети вице-канцлери, профессор Муҳаммад Салим Мажар, вице-канцлер Ниёз Аҳмад Ахтар, Минтақавий ҳамкорлик маркази раиси Фоизила Ҳади Али, Маъмурий ҳамкорлик директори Яаамина Салам, Илмий-тадқиқот институти директори Рафакату билан бўлиб ўтган учрашувда делегация вакиллари шу йилнинг 14 апрель куни Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.Мирзиёев ва Покистон Ислом Республикаси Бош вазири Имрон Хон ўртасида ўтказилган онлайн саммитда икки давлат ўртасида ижтимоий-сиёсий, иқтисодий, маданий-гуманитар соҳаларда ҳамкорликни янги босқичга кўтариш масаласида музокаралар олиб борилганлиги катта тарихий аҳамиятга эга бўлганлигини таъкидлаб, шундан келиб чиқиб, икки олий таълим муассасаси ўртасида талабалар, докторантлар ва профессор-ўқитувчиларни алмашиш, 6 ойдан 1 йилгача бўлган бепул ва барча харажатлари қопланадиган ўқув сафарларини ташкил этиш бўйича олиб бориладиган ишларни муҳокама қилди.
Ислам Матеков,
Қорақалпоғистон ахборот агентлиги шарҳловчиси.