Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймов раҳбарлигидаги делегация Беларусь Республикаси олий ўқув юртлари фаолияти билан танишди.

Жумладан, Беларусь давлат технология университети ректори Игорь Войтов меҳмонларни самимий қабул қилиб, юқори малакали мутахассисларни тайёрлаш, таълим дастурларидаги сўнгги ўзгаришлар, илмий-тадқиқот ишлари ва халқаро алоқалар билан яқиндан таништирди. Мазкур олий ўқув юртининг доимий равишда ӯтказилган илмий-техник ишланмалари ва талабаларининг илм-фан соҳасида эришган ютуқлари намойиш этилди. Шунингдек, меҳмонлар бир қатор кафедралар ва физика-кимё тадқиқотлар услублари маркази фаолияти билан танишди.

Делегация аъзолари олий ўқув юртида олиб борилаётган ишларга юқори баҳо берди ва келгусида ҳамкорликни мустаҳкамлаш бўйича фикр-мулоҳазалар билдирди. Бугунги кунда ушбу олий ўқув юртлари ўртасида 5А320401-Кимё технология (ишлаб чиқариш турлари бўйича) ҳамда 5А320305-Кимё саноати ва қурилиш материаллари ҳамда аппаратлари бўйича магистратура мутахассисликларининг иккинчи босқичида (магистрлик даражаси) иккита ўқув юртининг дипломи бериладиган ҳамкорликдаги таълим дастури амалга оширилмоқда.

Ушбу ҳамкорликдаги таълим дастури бўйича Беларусь давлат технология университетида таҳсил олаётган ҚДУ магистрантлари билан учрашув ташкил этилди. Ташриф якунида Қорақалпоқ давлат университети ректори А.Реймовга халқаро таълимни ривожлантиришга қўшган ҳиссаси учун «БДТУ олдидаги хизматлари учун» медали топширилди.

 

Довуд Абибуллаев, ЎзА