Президент қарорлари — ҳаётда ва назоратда

“Uzbekistan Airways” акциядорлик жамияти матбуот хизматидан хабар қилишларича, қатор маҳаллий парвозлар 33 фоиздан 50 фоизгача чегирмалар билан тикланди. Шу билан бирга, ички рейслар сони кўпайтирилиб, янги қатновлар йўлга қўйилди.

Маълумки, пандемия туфайли маҳаллий авиапарвозлар жадвалига чекловлар киритилиб, жорий йилдан аста-секин юмшатила бошланди. Аҳоли учун ички рейсларнинг қулайлигини ошириш мақсадида “Uzbekistan airways” акциядорлик жамияти томонидан “қайтариб олинмайдиган” ва “багажсиз” тарифлари жорий этилиши ҳамда йўловчилар учун қўшимча жойлар ташкил этилиши натижасида авиачипталар нархлари арзонлашди. Маълумот учун эслатиш жоиз, юксиз тарифлар 2021 йил 28 мартдан амалга киритилган.

Хабарингиз бор, давлатимиз раҳбари Шавкат Мирзиёев жорий йил 19 апрель куни “Uzbekistan airways” ҳамда “Uzbekistan airports” акциядорлик жамиятларини трансформация қилиш чора-тадбирлари тақдимоти билан танишиш чоғида хизматлар қулайлиги ва сифатини ошириш орқали аҳолини авиақатновларга кўпроқ жалб этиш зарурлигини алоҳида таъкидлаган эди. Ушбу кўрсатма асосида бир нечта янги рейслар йўлга қўйилди.

Хусусан, Самарқанд-Урганч, Самарқанд-Фарғона ва Самарқанд-Наманган, Термиз-Фарғона кабилар шулар жумласидандир. Бундан ташқари, гарчи рақамлар парвоз нархи ер усти транспорт нархидан бироз ошиб кетганини кўрсатса-да (юксиз 126 300, юк билан 151 600 сўм), 2018 йилдан буён тўхтаган Тошкент-Aндижон ҳаво қатнови қайта тиклангани ҳам ички, ҳам ташқи туризм учун муҳим ўзгариш бўлди. Тошкентдан Фарғона водийси шаҳарларига эса авиачипта бир хил – пойтахтдан Фарғона, Наманган ва Aндижонга – 127 000 сўмдан белгиланди. Хўш, авиачипталар нарх-навосидаги ўзгаришлар ҳақида юртдошларимиз қандай фикрда?

– Биз оиламиз билан ота юртимиз Урганчга ҳар ой самалётда бориб қайтамиз, шу сабаб охирги пайтларда нархлар арзонлашгани доимий мижоз сифатида бизни мамнун этди. Албатта, чегирмали тарифларнинг жорий этилиши ички рейсларга бўлган талабни оширади. Муҳими, аввалгидан кўра енгиллик бор. Энди арзон рейслар узоқни яқин қилади, – дейди Пекин тил ва маданият университети магистранти Гулшан Саъдуллаева.

Шу ўринда яна бир маълумот, авиакомпания Тошкентдан Термиз, Бухоро, Самарқандга ҳам мунтазам қатновларни амалга оширади, 14 майдан бошлаб эса Тошкентдан Навоийга авиақатновлар тикланади. Ушбу йўналишлардаги авиачипталар нархи аввалги ҳолатга кўра 34 фоиздан 45 фоизгача арзонлаштирилганини кузатиш мумкин:

• Тошкент-Термиз – 341 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг душанба, пайшанба ва шанба кунлари;

• Тошкент-Бухоро – 215 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг чоршанба, шанба ва якшанба кунлари;

• Тошкент-Навоий – 215 000 сўмдан. Қатновлар ҳафтанинг сешанба ва жума кунлари амалга оширилади.

• Тошкент – Самарқанд – 114 000 сўмдан, авиақатновлар ҳафтанинг сешанба ва шанба кунлари амалга оширилади. Шунингдек, авиакомпания қатновлар жадвалига Самарқанддан юртимизнинг бошқа вилоятларига ҳам мақбул нархларда қатновлар киритилади, дея қайд этилган берилган маълумотларда.

– Шуни алоҳида айтиш жоиз, йўловчиларга қўшимча қулайлик ва чегирмалар тақдим этиш мақсадида “Uzbekistan Airways” АЖ томонидан авиачипталар ҳарид қилишда ҳам бир қатор енгилликлар жорий этилди. Хусусан, чипталарни Click мобил иловаси орқали ҳарид қилинганда
2 фоизгача “кешбэк” қабул қилиб олиш имконияти мавжуд бўлди. Шунингдек, “Uzbekistan Airways” АЖ расмий сайти орқали авиачипта харид қилиб олинганда эса 3 фоизли чегирма амал қилади. Йўловчиларга янада қулайлик яратиш мақсадида барча авиақатновларга онлайн рўйхатдан ўтиш ва жойларни танлаш (пуллик) тизими ҳам жорий этилди. Йўловчилар рейслар бўйича маълумотларни батафсил авиакомпания сайти орқали кузатиб боришлари мумкин. Бу имкониятларнинг барчаси республика аҳолисининг ҳаво транспортидаги фаоллигини, шунингдек, ички ва зиёрат туризмни ривожлантириш, авиақатновларнинг оммабоплигини ошириш, фуқароларни мамлакатимизнинг тарихий-маданий мероси билан таништириш учун қўшимча қулайликлар яратиш мақсадида амалга ошириляпти,” дейди Транспорт вазирлиги матбуот котиби Наврўз Ашурматов.

Яна бир янгилик: авиакомпания 10 майдан Термизни Фарғона билан боғловчи янги қатновни йўлга қўйди. Термиздан Фарғонага қатнов душанба кунлари, Фарғонадан Термизга эса пайшанба кунлари амалга оширилиши ҳамда авиачипта нархи ҳар иккала йўналиш учун ҳам 316 000 сўмдан белгиланган, деб маълум қилади компания матбуот хизмати.

Хабар берилишича, Самарқанд шаҳрида иккинчи хаб ташкил этилган бўлиб, бугунги кунда ушбу шаҳардан доимий равишда (Тошкент қатновидан ташқари) учта шаҳар – Фарғона, Наманган ва Урганчга ҳам маҳаллий авиақатновлар амалга оширилмоқда. Aвиачипталар нархи ҳар учала йўналишда ҳам 190 000 сўмдан бошланади. Бу ўз навбатида аҳоли мобил даражаси ортиши ва юртимиздаги ички туризмни ривожланишида муҳим аҳамият касб этади. Авиақатновлар қуйидаги кунларда амалга оширилади:

• Самарқанддан Наманганга – чоршанба ва шанба кунлари;

• Самарқанддан Фарғонага – душанба, сешанба, жума ва якшанба кунлари;

• Самарқанддан Урганчга – душанба, чоршанба, жума ва якшанба кунлари.

Бундан ташқари, Фарғона водийси ва Урганч шаҳарлари ўртасида Самарқанд аэропорти орқали юртимиз бўйлаб саёҳат қилиш учун қулай транзит қатновлар йўлга қўйилгани ҳам эътиборли. Шу билан бирга, Самарқандга бориш ва қайтиш парвозлари мамлакатимиз шаҳарларидан Истанбулга амалга оширилувчи қатновлар билан қулай тарзда боғлангани маълум қилинди. Келгусида Россия Федерацияси шаҳарлари билан мунтазам авиақатновлар тиклангандан сўнг, Москва ва Санкт-Петербургга ҳам рейслар йўлга қўйилади, дейилади берилган маълумотларда.

Давлатимиз раҳбари ташаббуси билан амалга оширилаётган бу ислоҳотлар халқимиз учун айни муддао бўлди. Пандемия шароитида кўплаб юртдошларимиз мушкул вазиятда қолган эди. Уларнинг ички маршрутлар бўйлаб парвоз қилишларида ҳам анча енгиллик яратилди. Қолаверса, парвозлардаги қулайликлар ва нархларнинг арзонлиги мамлакатимизда ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга салмоқли таъсир кўрсатади. Буларнинг барчаси жамият юзига аста-секин “қон югура” бошлаганидан далолат беради.

 

Юлдуз Ўрмонова,

ЎзА мухбири