Мамлакатимизнинг ҳар бир ҳудудида биттадан, жами 14 та Президент мактаби ташкил қилинаётганидан хабарингиз бор.

Ҳадемай умумтаълим мактабларида ўқув йили ниҳоясига етиб, Президент, ихтисослаштирилган, ижод мактаблари учун янги ўқув йилига қабул жараёни бошланади.

Шу муносабат билан Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги томонидан Президент мактабларига қабул ва кириш имтиҳонларини ўтказиш юзасидан матбуот анжумани ўтказилди.

Агентлик директори Ҳилола Умарова ва директор ўринбосари Амирулла Абдуллаев Президент мактабларига қабул ва кириш имтиҳонларини ўтказиш тартиби, ҳужжат топшириш, имтиҳон жараёнлари тўғрисида маълумотлар беришди.

– Президент мактабининг йиллик қабул квотаси 5- синф учун 24 нафар ўқувчидан иборат бўлиб, иккита синфга бир хил – 12 нафардан ўқувчи тақсимланади. Президент мактабларига кириш имтиҳонларини ўтказиш муддати ва жойлари қабул комиссияси томонидан белгиланади. Президент мактабларига кириш имтиҳонлари икки босқичда ўтказилади, – дейди Агентлик директори Ҳилола Умарова. –Кириш имтиҳонлари натижаларини текшириш ва талабгорларнинг жавоблари натижаларини баҳолаш таълим соҳасида фаолият юритувчи хорижий ташкилот “Cambridge Assessment” томонидан амалга оширилади.

Кириш имтиҳонларига тааллуқли барча материаллар (сўровномалар, тестлар, жавоблар ва бошқалар) махфий характерга эга ҳисобланади ҳамда уларнинг махфийлиги таълим соҳасида хизматлар кўрсатувчи ихтисослашган хорижий ташкилот, Президент, ижод ва ихтисослаштирилган мактабларни ривожлантириш агентлиги ва Давлат тест маркази томонидан таъминланади.

Кириш имтиҳонлари видеокузатув ва бошқа техник воситалар қўлланган ҳолда махсус ажратилган жойларда ўтказилади. Кириш имтиҳонлари такроран ўтказилмайди.

– Кириш имтиҳонларини ўтказиш пайтида талабгорлар, кузатувчилар, бино раҳбарлари ҳамда ишчи гуруҳининг масъул шахсларига алоқа воситаларини олиб кириш ва фойдаланиш,талабгорларга кириш имтиҳонларига маълумотнома материаллари ва электрон ҳисоблаш техникасини олиб кириш ва фойдаланиш тақиқланади, – дейди Агентлик директори ўринбосари Амирулла Абдуллаев ўз сўзида. – Ушбу Низомнинг талаблари бузилганда ишчи гуруҳнинг масъул шахслари талабгорни мажбурий тартибда четлатиш далолатномасини тузган ҳолда кириш имтиҳонларидан четлашиш ҳуқуқига эгадирлар.

Шуни ҳам алоҳида эслатиш керакки, кириш имтиҳонлари (1-2 босқич) натижалари қайта кўриб чиқилмайди. Кириш имтиҳонлари натижалари бўйича имтиҳон материаллари талабгорларга тақдим этилмайди.

 

Файзулло Яҳёев, ЎзА