Кейинги кунларда банк пластик карталаридан пулларни “ўғирлаш”га уриниш билан боғлиқ фирибгарлик ҳолатлари кўпайиб қолди.

Келиб тушаётган мурожаатлар ўрганилганда фирибгарлар асосан фуқаронинг қўл телефонига қўнғироқ қилиб, ўзини Марказий банк, тижорат банки, тўлов ташкилоти ёки тўлов тизими операторининг номидан хавфсизлик, пластик карта, мижозларни қўллаб-қувватлаш ёки бошқа бўлим ходими деб таништириши аниқланди.

Бундай вазиятларда қандай йўл тутиш борасидаги бир қатор саволларга Марказий банк департаменти директори Акмал Назаров жавоб берди.

Хўш, бундай вазиятда нима қилиш керак? Фирибгарларни банк вакилидан қандай фарқлаш мумкин? Улар қандай сўзлар билан алдашга уринишади?

–Бундай шахслар мижознинг мобил иловаси бузилгани, банк картаси блок ҳолатига тушгани, картадан ноқонуний пул ечиб олишга уринишлар бўлаётгани каби турли уйдирмаларни айтади, – дейди А.Назаров. –Агар дарҳол чора кўрилмаса, барча маблағлардан айрилиши ҳақида айтиб, турли ижтимоий инженерингни қўллаган ҳолда психологик босим ўтказишга уринади. Фирибгарлар телефонингизга юборилган бир марталик SMS-кодни сўраб, уни айтсангиз ёрдам беришини тушунтиради.

Ана шундай вазиятда фирибгарларнинг тузоғига тушмаслик учун баъзи умумий белгиларни эслаб қолиш зарур. Мисол учун, номаълум, яширин ва бегона рақамлардан кўнғироқ ёки SMS-хабар келади. Зудлик билан қарор қилишга ундаш, “тезроқ”, “ҳозироқ”, “кейин тушунтираман”, “тезроқ керак” каби сўзлар билан саросимага солишга уринишади. Паспорт маълумотлари, карта рақами билан унинг амал қилиш муддатини, сизга жўнатилган тасдиқловчи кодни ёки бошқа шахсий маълумотларни сўрашади. (Эслаб қолинг, аслида картага пул маблағи ўтказиш учун фақатгина карта рақамини билиш етарлидир).

Қайд этиш керакки,“Танловда ғолиб бўлдингиз” каби турли қизиқтирувчи хабарлар йўллаб, совринлар, қулай тарифлар, совғалар таклиф этиш ҳолатлари ҳам мавжуд. Бунинг учун “Қўшимча тўловлар”, “гаров пули қўйиш” ёки бошқа йўллар билан пул ўтказишни сўраш – телефон орқали қўлланиладиган фирибгарлик белгиларидан бири ҳисобланади.

Фирибгарлар қўнғироқ қилганда қандай йўл тутиш керак? Гаплашмасдан гўшакни қўйишми ёки эшитиб, ундан кейин рад этиш керакми ёки телефон орқали суҳбатни ёзиб олган маъқулми?

– Агар номаълум шахс қўнғироқ қилса, аввало, ўзингизни хотиржам тутишингиз ва тинчланиб олишингиз керак. шахсий маълумотларни айтмаслигингиз, ҳеч қачон ва ҳеч кимга банк картангиз кодини ошкор қилмаслигингиз зарур.

Агар карта билан боғлиқ бирор ҳолат юзасидан қарор қабул қилишингизни талаб қилишса, ўйлаб олиш учун вақт сўранг. Картангизнинг ҳолати ва ундаги пул маблағлари тўғрисидаги маълумотни банкнинг расмий веб-сайти ёки мобил иловаси орқали ўз шахсий кабинетингизга кириб аниқлаш мумкин. Агар ҳозироқ қарор қабул қилиш лозимлигини айтишса, ушбу масалада хизмат кўрсатувчи банк билан боғланиб, вазиятга аниқлик киритишингизни маълум қилинг.

Сизга қўнғироқ қилаётган шахс ўзини қайси ташкилот ходими деб таништирса, шу ташкилотнинг мурожаатлар билан ишлаш бўлими телефон рақамини сўраб, ташкилотнинг расмий веб-сайтидан мазкур рақамларни текширинг. Бунда ташкилот билан боғланиб, қўнғироқ қилган шахс тўғрисида маълумот олиш тавсия этилади.

Агар Сизга қайсидир акцияда ғолиб бўлдингиз дейишса, ушбу акция ҳақида интернет орқали тўлиқ маълумот изланг. Бегона шахслар билан пул ўтказмаларини амалга оширманг.

Фирибгарлар қўнғироғидан сўнг қаерга мурожаат қилиш керак? ҳуқуқни муҳофаза қилиш органларигами, Марказий банк ёки хизмат кўрсатувчи банкками? Мурожаат шакли ва қандай маълумотлар тақдим этилиши ҳақида айтиб ўтсангиз.

–Агар фирибгарлик ҳолатларидан гумонингиз бўлса, дарҳол сизга хизмат кўрсатувчи банкка телефон орқали ёки ёзма мурожаат қилинг ва ҳолат ҳақида хабар беринг. Қайси телефон рақамидан қўнғироқ бўлгани, мурожаат қилган шахс ўзини ким деб таништиргани ва қандай маълумотларни сўрагани бўйича батафсил маълумот йўлланг.

Ҳеч қачон телефонингизга келган банк карталари билан боғлиқ бир марталик юборилган SMS-кодни, тижорат банклари, тўлов тизими операторлари ва тўлов ташкилотларининг мобил иловаларига кириш ҳуқуқини берувчи логин ва паролларни ҳеч қандай шахсларга айтманг. Улар сиздан олган маълумотлар (SMS-код, логин ва порол) орқали банк картангиздаги пул маблағларини кўчириб олиш ёки Сизнинг рухсатингизсиз бошқариш имконини қўлга киритади.

 

Сайёра Шоева, ЎзА