Бугун «Qanot sharq» авиакомпаниясининг “Airbus А320” русумли биринчи авиалайнери “Тошкент-3” аэропортига келиб қўнди.

Шу муносабат билан ташкил этилган тантанали маросимда Ўзбекистон Республикаси Бош вазирининг ўринбосари – туризм ва спорт вазири Азиз Абдуҳакимов, «Qanot sharq» авиакомпанияси таъсисчиси Носир Абдуғаффоров мамлакатимизда тадбиркорлик субъектларига яратилаётган қулайликлар хусусий авиакомпаниялар фаолиятининг йўлга қўйилишида муҳим аҳамият касб этаётганини таъкидлади. Биринчи хусусий авиакомпания – «Qanot sharq» МЧЖнинг фаолияти бунга яққол мисолдир.

Таъкидлаш керакки, ўзининг 20 йилдан ортиқ фаолияти давомида «Qanot sharq» авиакомпанияси асосан юк ҳаво транспорти соҳасида тажриба тўплаган эди. Компания ўтган давр мобайнида мамлакатимиз ва хорижда йирик агентлик тармоғини ярата олди ва бутун иши даврида 100 минг тоннадан ортиқ юк ташишга эришди.

Шу билан бирга, компания кейинги етти йил ичида йўловчи ташиш борасида ўз имкониятини синаб кўрди. «Ўзбекистон ҳаво йўллари» миллий авиакомпанияси ва бошқа хорижий авиакомпаниялар билан яқин ва самарали ҳамкорликни мустаҳкамлаган ушбу компания ўз чартер рейслари давомида 150 мингдан зиёд йўловчини ўз манзилларига етказишга муваффақ бўлди.

Аҳамиятли жиҳати, 2020 йил октябрь ойида иккита “A 320-214” йўловчи самолёти учун ижара шартномаларини имзолашга эришгани ушбу авиакомпания тарихида муҳим даврни бошлаб берди. Шу тариқа, мамлакатимизда айнан ҳаво линиялари бўйича биринчи хусусий тадбиркорлик асосида «Qanot sharq» авиакомпанияси фаолиятига қўл урилди.

– Бугун биз туризм, транспорт соҳаси учун тарихий кунда иштирок этдик, – деди Бош вазир ўринбосари А.Абдуҳакимов. – Ўзбекистонга илк бор хусусий авиакомпаниянинг биринчи авийлайнери етиб келди. Буни биз анчадан буён кутаётган эдик. Бу ҳақда компаниянинг ташаббускорлари билан икки йил олдин режалари бўйича гаплашган эдик. Мана бугун компания пойтахтимизга “Airbus”нинг “А320” русумли самолётини олиб келишга муваффақ бўлди. Компания режаси бўйича яқин 20 кунда иккинчи “А320” авиалайнери яна олиб келинади. Йил якунига қадар иккита «А330” русумли авиалайнер олиб келиниши кутилмоқда. Шу тарзда, компания ўзининг учта “А320” русумли ва учта “А330” русумли самолётига эга бўлади. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, Президентимиз томонидан ички ва зиёрат туризмини ривожлантиришга алоҳида эътибор қаратилмоқда. Давлатимиз раҳбари томонидан бу борада фармон қабул қилиниб, тадбиркорларга кенг имтиёзлар берилган эди. “А330” русумли самолёт айнан зиёрат туризми учун қулай бўлиб, унда 290 ва 300 нафаргача бўлган йўловчининг мамлакатимизга келишига имконият яратади. Умуман, авиакомпания ҳақида гап кетгандан уни монополия деб айтишар эди. Бугун Ўзбекистонда бу соҳада монополия тугатилиб, рақобатдош авиабозори шаклланди, десак тўғри бўлади.

Компания энди 2005 ва 2007 йилларда ишлаб чиқарилган “A 320-214” йўловчи авиалайнерлар парвозини амалга оширади. CFM двигателли ва 174 ўринли ушбу самолётлар илгари Ғарбий Европа ва Шимолий Aмерикада эксплуатация қилинган. Компания Истанбул, Анқара, Дубай, Мадина, Москва, Санкт-Петербург ва Олмаота каби шаҳарларга авиақатновларни амалга оширишни режалаштирган.

– Бугун жамоамиз учун қувонарли кун бўлди, – деди «Qanot sharq» авиакомпанияси таъсисчиси Носир Абдуғаффоров. – Компаниямиз энди йўловчиларни ҳаво линияларии орқали ўз манзилига етказишдек шарафли ишни бошлайди. Аввало, бизга шундай қулайлик ва имкониятлар яратиб берган Ўзбекистон ҳукумати ва Президентимиз Шавкат Мирзиёевга миннатдорлик билдирамиз. Бугун етказиб келинган “Airbus А320” русумли биринчи авиалайнеримиз Европа авиацияси қоидаларига мувофиқ, техник хизмат ўтказилган ва унинг техник ҳолатини баҳолаш учун намойиш парвозлари ҳам амалга оширилган. Иккинчи самолётнинг олиб келиниши май ойининг учинчи ўн кунлигида режалаштирилган.

Тантанали маросим аввалида иштирокчилар парвоздан қўнган “Airbus А320” русумли биринчи авиалайнер билан танишди.

Насиба ЗИЁДУЛЛАЕВА,

ЎзА мухбири