Мамлакатимиз делегацияси БМТнинг Жаҳон сайёҳлик ташкилоти (БСТ) Ижроия кенгашининг 113-сессиясида иштирок этди.

Анжуман доирасида Ўзбекистон номзодини бошқарув органи аъзолиги учун илгари суриш бўйича тарғибот тақдимоти ҳам ўтказилди.

Тарбирда Ўзбекистон делегацияси раҳбари – Бош вазир ўринбосари, Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раиси Азиз Абдуҳакимов томонидан икки масала кўтарилди.

Биринчиси – 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон номзодини ЖСТ Ижроия кенгаши аъзолигига қўйиш, шунингдек, мамлакатимизда амалга оширилаётган ислоҳотлар ва яқин келажакдаги режалар.

Сессия давомидаги чиқишларда Кенгашга кўрсатилган номзодлар орасида Ўзбекистоннинг имконияти сезиларли даражада юқори экани таъкидланди.

Шуниси эътиборлики, Ташкилот Ижроия кенгашига аъзо бўлиш Ўзбекистоннинг глобал миқёсда туризм соҳасида олиб борилаётган сиёсатда бевосита иштирок этишига, айни жараёнда мамлакатимиз манфаатлари муносиб ҳимоя қилинишига хизмат қилади.

Иккинчиси – 2023 йилда ЖСТ Бош Ассамблеяси 25-сессиясини Самарқанд шаҳрида ўтказиш. Мазкур масала юзасидан Самарқанд шаҳрининг мавжуд имконияти ва келаси 3 йил мобайнида амалга ошириладиган кенг кўламли ишлар ҳақида маълумот берилди. Таклиф қабул қилинган тақдирда Ўзбекистон биринчи марта БМТ таркибидаги ташкилотларнинг илк Бош ассамблеясигa мезбонлик қилади.

– Ўзбекистон номзоди Жаҳон сайёҳлик ташкилоти Ижроия кенгаши аъзолигига қўйилиши соҳада эришилган юксак натижаларимиз самарасидир, – дейди А.Абдуҳакимов. – Бош Ассамблеяга мезбонлик қилиш жаҳон туризм индустриясининг етакчи вакиллари, ишбилармонлар ва инвесторларни Ўзбекистонга жалб қилиш, 158 аъзо давлат делегациясининг 2 мингдан ортиқ вакили ташрифини ташкил этиш орқали туризм соҳасидан тушадиган даромадни ошириш имконини беради.

ЎзА