Ўзбекистон Республикаси Бош вазири ўринбосари Азиз Абдуҳакимов Испанияга хизмат сафари чоғида Бутунжаҳон туризм ташкилоти (БТТ) Бош котиби Зураб Пололикашвили билан учрашди.
Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси матбуот хизматининг маълум қилишича, учрашувда БТТ Бош котиби Зураб Пололикашвили Ўзбекистонда туризм Президент томонидан иқтисодиётнинг устувор йўналиши сифатида танлаб олингани, бу борада 86 давлат фуқаролари учун виза тизимининг бекор қилингани, 50 дан ортиқ мамлакат фуқаролари учун электрон виза олиш тизими жорий этилгани ҳамда пандемияга қадар хорижий сайёҳлар сони 5 баробарга ошганини алоҳида эътироф этди.
Шунингдек, БТТ Бош котиби томонидан коронавирус пандемияси даврида туризм соҳасидаги тадбиркорларни қўллаб-қувватлаш тизими йўлга қўйилгани, уларга берилаётган имтиёзлар ҳамда 2021 йил якунига қадар амалда бўлган қарорлар минглаб иш ўринларини сақлаб қолиш бўйича ибратли ташаббус бўлгани қайд этилди.
Бундан ташқари, Ўзбекистонда йўлга қўйилган махсус “Uzbekistan. Safe travel GUARANTEED” (“Ўзбекистон. Хавфсиз саёҳат кафолатланади”) тизими ҳам юксак эътироф этилди. Шу ўринда Зураб Пололикашвили дунё миқёсида фақат БАА, Саудия Арабистони ва Ўзбекистон пандемия даврида ҳам туризм соҳасига энг кўп маблағ ажратгани ҳамда тадбиркорларни қўллаб-қувватлашда давом этганини таъкидлади.
Азиз Абдуҳакимов Мадриддаги учрашув доирасида UNWTO Бош Ассамблеяси XXV сессиясини 2023 йилда Самарқанд шаҳрида ўтказиш учун Ўзбекистон Республикаси тайёр эканлигини таъкидлади. Ўзбекистон ҳукумати номидан БТТ Бош котибига яқин ҳамкорлик ҳамда турли халқаро тадбирларни Ўзбекистонда ўтказиш ва юртимизда бўлаётган туризм янгиликларини ўз платформалари орқали кенг тарғиб қилишда ёрдам бераётгани учун ўз миннатдорлигини билдирди.
БТТ Бош котиби 2021-2023 йиллар давомида Ўзбекистон номзодини БТТ Ижроия кенгашига аъзолигини шахсан қўллаб-қувватлаши ва бу борада ёрдам кўрсатишга тайёр эканини маълум қилди. Шунингдек, UNWTO томони 2023 йилда БТТ Бош Ассамблеяси XXV сессиясини Самарқанд шаҳрида юқори савияда ўтказилишига ишонч билдирди.
Бундан ташқари, туризм соҳасидаги инвесторлар учун “Global Tourism Investment Forum” халқаро форумини ташкил қилиш ва тадбирни Тошкент вилоятининг Бўстонлиқ туманида ўтказишга келишиб олинди. Томонлар шунингдек, «Ипак йўли» туризм халқаро университетига юқори малакали профессор-ўқитувчиларни жалб этиш ва долзарб йўналишларда кадрлар тайёрлаш учун замон талабидаги ўқув дастурлари яратишга келишилди. Ёшлар туризми дастурлари доирасида халқаро тадбирлар ташкил этиш ва хориждаги тадбирларга ўзбек ёшларини таклиф этишга оид келишувларга эришилди.