Туризмни ривожлантириш давлат қўмитаси раисининг хорижлик маслаҳатчиси Содиқ Бадак (Туркия) Тошкент шаҳри ва Сирдарё вилоятида бўлиб, туризм соҳасида фаолият юритаётган тадбиркорлик субъектлари билан учрашди.

Очиқ мулоқотда мазкур шаҳар ва вилоят ҳокимларининг туризм ва спортни ривожлантириш масалалари бўйича маслаҳатчилари, турфирмалар, меҳмонхоналар, оилавий меҳмон уйлари вакиллари ҳамда тегишли мутасаддилар иштирок этди.

– Дунёда мавжуд пандемия ҳолати яқин вақтлар ичида сақланиб туради ва жаҳон ҳамжамиятининг прогнозларидан келиб чиқиб, 2021-2022 йиллар ҳам туризм соҳаси учун синовли давр бўлиши кутилмоқда, – дейди Содиқ Бадак. – Ушбу вазиятда дунёнинг ривожланаётган давлатлари, жумладан, Ўзбекистон ҳам дунё бўйлаб туризм соҳасидаги «турғунлик»дан фойдаланиб, ўзларининг туризм инфратузилмаларини талаб даражасида яхшилаш ва ривожлантириш имкониятига эга. Шу ўринда, Ўзбекистон ҳукумати томонидан мураккаб пандемия шароитида туризм соҳасини барқарор ҳолатда ушлаб туриш ва келгусида уни комплекс ривожлантириш учун «Ўзбекистон туризм – 2035» махсус стратегияси ишлаб чиқилиб, бу борада зарур ишлар олиб борилаётганини алоҳида таъкидлаш зарур.

 

ЎзА