Мамлакатимизга якунланган 2020 йилда 1 миллион 504 минг турист келди, уларга 261 миллион долларлик хизмат кўрсатилди.

Бу ҳақда Ўзбекистон Республикаси Президенти Администрацияси ҳузуридаги Ахборот ва оммавий коммуникациялар агентлигида ўтказилган брифингда Бош вазир ўринбосари Азиз Абдуҳакимов маълум қилди.

– Коронавирус пандемияси туфайли юз берган глобал инқироз натижасида мамлакатимиз туризми энг жиддий зарар кўрган соҳалардан бири бўлди, – деди А.Абдуҳакимов. – 2020 йилда жами 1 миллион 504 минг турист ташриф буюрди. Бунда 261 миллион АҚШ доллари миқдорида туризм хизматини кўрсатдик.

2021 йилда барча ишларни умумий рақамлар орқали эмас, аниқ режа ва рейсма-рейс йўналиш бўйича батафсил ҳисоб-китоб асосида амалга оширмоқчимиз, зиёрат туризмига кўпроқ эътибор қаратмоқчимиз.

2021 йилда Ўзбекистонга 1 миллион 700 минг нафар хорижий сайёҳ ташрифини таъминлаш бўйича режа қилинган. Бунинг эвазига туризм хизматлари экспорти 370 миллион долларга етказилади.