Бердақ номидаги Қорақалпоқ давлат академик мусиқа театрида “Хошамет-2020” йилнинг энг фаолларини тақдирлаш маросими бўлиб ўтди.
Мамлакатимизда ёшларга оид давлат сиёсати самарадорлигини орттиришга қаратилган ишларни янада такомиллаштириш, ёш авлод вакилларини маънавий ва жисмонан соғлом этиб тарбиялаш борасида кўплаб чора-тадбирлар амалга оширилмоқда. Бугунги кунда барча соҳаларда ва ўқув муассасаларида тенгдошларига билими, фаолияти ва ташаббуслари билан намуна бўлаётган ёшларимиз мамлакатимизнинг ривожида келажак пойдеворлари сифатида қаралмоқда.
Ёшлар ишлари агентлиги Қорақалпоғистон Республикаси бошқармаси томонидан маданият, санъат, ижодиёт, журналистика, спорт соҳаларини ва тадбиркорликни кенг ривожлантириш, тинчликни таъминлаш, шунингдек мазкур соҳаларда ютуқларга эришган энг фидоийларни қўллаб-қувватлаш мақсадида “Хошамет” мукофотини тантанали топшириш маросими 2017 йилдан буён ўтказилиб келинмоқда. Мазкур мукофот билан асосан кундалик ҳаётимизнинг барча жавҳалари ва соҳаларида фидойилик кўрсатаётган ёшлар, шу жумладан ёшларга оид давлат сиёсатини амалга оширишда намуна кўрсатаётган давлат ва жамоат бошқарув органлари рағбатлантиради.
“Ёшлар фестивали” доирасида ўтказилган тадбирда 20 та номинация бўйича ғолиблар аниқланди. Жумладан, “Йилнинг энг фаол ёшлар устози”, “Йил фаоли”, “Йилнинг энг фаол туман ва шаҳар Сардорлар Кенгаши”, “Йилнинг энг фаол ҳамкор ташкилоти”, “Йилнинг энг фаол ёшлар ишлари агентлиги шаҳар, туман бўлими” “Йилнинг энг фаол ҳокими”, “Йил фидойиси” ,“Ёшлар ҳаётини ёритишдаги фаоллиги учун”, “Йилнинг энг фаол ёшлар етакчиси”, “Йил кўнгиллиси”, “Йилнинг энг қувноқ ва зукко ёшлари” ва бошқа номинациялар ғолиблари тақдирланди.
– “Йил ғояси” номинацияси ғолиби бўлганимдан хўрсандман,–дейди Тошкент давлат аграр университети Нукус филиали талабаси Рустамжон Мадреймов.
– Ўзбекистон Республикаси инновацион ривожланиш вазирлиги ва Шўрланиш шароитида биодеҳқончилик халқаро маркази (БАА) билан ҳамкорликда эълон қилинган «Орол денгизи шўрланган ерларида инновацион стартап лойиҳалари танлови»да менинг “Саксовул уруғини экиш учун қуёш энергияси билан ишлайдиган қурилма ишлаб чиқиш” стартап лойиҳам ғолиб бўлди ва 338,2 миллион сўм миқдорида молиялаштирилиши белгиланди.
Ғолиблар диплом ва қимматбаҳо совғалар билан тақдирланди.
Тақдирлаш маросимида Қорақалпоғистон Республикаси Жўқорғи Кенгеси Раиси М.Камалов иштирок этди.
Довуд АБИБУЛЛАЕВ, Мақсад ҲАБИБУЛЛАЕВ (сурат), ЎзА