Ўзбекистон Миллий Олимпия қўмитасида “Ўзбеккино” Миллий агентлиги ижодкорлари билан учрашув бўлиб ўтди.

Қўмита президенти Рустам Шоабдураҳмонов, Агентлик бош директори Фирдавс Абдухолиқов, россиялик таниқли кинорежиссёр ва актёр Жаник Файзиев, продюсер Ойбек Файзиев иштирок этган учрашувда ўзбек спортининг ривожи, халқаро олимпия ўйинлари ҳамда жаҳон чемпионатларининг мутлоқ чемпионлари ҳақида бадиий фильм яратиш масаласи муҳокама қилинди.

Тадбирда кинорежиссёр ва актёр Ж.Файзиев 2016 йили Рио-де-Жанейро шаҳрида бўлиб ўтган Олимпия ўйинларида ғолиб бўлган ўзбек боксчилари ҳақида “Енгилмас” (режиссёр Акром Исаков) фильмини суратга олиши ҳақида маълум қилди.

Р.Шоабдураҳмонов ўзбек спортини жаҳонга танитган, кўплаб мусобақаларда ғолиб бўлган фахрий спортчи Руфат Рисқиев ҳақида алоҳида тўхталиб, спортчи ҳақида фильм яратиш бўйича ўз фикрларини билдирди.

Ф.Абдухолиқов “Енгилмас” фильмининг суратга олиш ишлари Ўзбекистонда бўлиши, унга профессионал актёрлар жамоаси танланиши, россиялик маҳоратли сценарист ва дизайнерлар кўмагидан фойдаланиш ҳақида таклиф берди. Учрашувда “Енгилмас” кинолойиҳасини 2021 йилда тайёрлашга келишилди.

ЎзА