Ўзбекистон Республикаси Олий суди пенумининг мажлиси бўлиб ўтди.

Олий суд раиси К.Комилов бошқарган мажлисда судьялар, олимлар, тегишли идора ва ташкилотлар вакиллари иштирок этди.

Йиғилишда Олий суд пленумининг учта янги қарори лойиҳаси  муҳокама қилинди.

“Жиноят сабаблари ва улар содир этилишига имкон берган шарт-шароитларни аниқлаш бўйича судлар ролини ошириш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси жиноят-процессуал қонун нормаларининг тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган.

Унга кўра, судлар жиноятлар профилактикасига оид фаолиятида суд процессида жамоатчилик иштироки самарадорлигини оширишга қаратилган чоралар кўриши зарур. Суд муҳокамасида жамоат айбловчиси ёки жамоат ҳимоячиси иштирок этишига рухсат бериш тўғрисидаги масала жамоат ташкилоти ёки меҳнат жамоаси илтимосномасига кўра, судьянинг ажрими билан ҳал қилинади.

Қарорнинг қабул қилиниши жиноятларнинг олдини олиш ҳамда уларга чек қўйиш, шунингдек, уларнинг содир этилиши сабаблари ва шарт-шароитларини аниқлаш, таҳлил қилиш ва бартараф этиш бўйича чора-тадбирларнинг самарадорлигини ошириш имконини беради. Суд процессида жамоатчилик вакилларининг иштирок этиш тартиб-тамойилларига ойдинлик киритади.

“Суд томонидан фуқаролик ишлари бўйича далиллар ва исботлашга оид қонун нормаларини қўллаш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳаси билан судларга Фуқаролик процессуал кодексининг 71-моддасига кўра, фуқаролик иши бўйича далиллар деганда, тарафлар ўз талаблари ва эътирозларини асослаётган ҳолатлар, шунингдек ишнинг тўғри ҳал қилиниши учун аҳамиятга эга бўлган бошқа ҳар қандай ҳолатлар мавжудлиги ёки мавжуд эмаслигини суд қонунда белгиланган тартибда аниқлаши учун асос бўладиган ҳар қандай фактик маълумотлар тушунилиши керак.

Қарорда далиллар тушунчаси, уларни олиш тартиби, исботлаш предмети ва мажбурияти, далиллар мақбуллиги ва алоқадорлиги ҳамда бошқа бир қатор муҳим процессуал масалалар ўз аксини топган.

“Иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиёти тўғрисида”ги қарор лойиҳасида иқтисодий ишларни кўришда давлат божи ундириладиган аризалар ва шикоятлар турлари, давлат божи, почта ва бошқа суд харажатларини ундириш ҳамда тарафлар ўртасида тақсимлаш хусусиятлари, давлат божидан озод қилиш ва уни қайтариш асослари каби масалалар баён этилган.

Бу иқтисодий ишлар бўйича суд харажатларини ундириш амалиётида мавжуд камчиликларни бартараф қилиш, судлар томонидан мазкур масалага доир қонун ҳужжатлари тўғри қўлланилишини таъминлашга қаратилган.

Бундан ташқари, мажлисда “Ўзбекистон Республикаси Олий суди пленуми ва Ўзбекистон Республикаси Олий хўжалик суди пленумининг айрим қарорларига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш тўғрисида”ги қарор лойиҳаси ҳам муҳокама қилинди. Бунда назарда тутилаётган жиҳатлар иқтисодиёт соҳасида тадбиркорлик субъектлари ва фуқароларнинг бузилган ёки низолашилаётган ҳуқуқларини ва қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишда муҳим аҳамиятга эга бўлади.

– Кўриб чиқилган пленум қарорлари жиноят, фуқаролик ва иқтисодий ишларни қонуний ҳамда адолатли ҳал этишда фуқаролар ва юридик шахсларнинг бузилган ҳуқуқлари ҳамда қонун билан қўриқланадиган манфаатларини ҳимоя қилишга қаратилган, – дейди Олий суд ахборот хизмати раҳбари Азиз Абидов. – Шу билан бирга, қарорлар қонун ҳужжатларининг суд амалиётида аниқ ва бир хилда татбиқ этилишига, ягона суд амалиётини шакллантиришга, шунингдек янги қабул қилинган қонун ҳужжатларини амалиётда янада самарали қўлланилишига хизмат қилади.

Мажлисда кўриб чиқилган масалалар юзасидан тегишли қарорлар қабул қилинди. Ўз навбатида, қабул қилинган қарорларининг мазмун-моҳияти ҳамда аҳамиятини аҳолига, тадбиркорларга, давлат органлари ва ташкилотлари ходимларига, судьяларга тушунтириш бўйича вилоятларда ва маҳаллаларда тарғибот тадбирлари амалга оширилиши қайд этилди.

Пленум мажлисида Ўзбекистон Республикаси Бош прокурори Н.Йўлдошев иштирок этди.

Норгул Абдураимова, ЎзА