Ўзбекистон Республикаси Президенти Ш.М.Мирзиёев томонидан МДҲ ташкилотига аъзо мамлакатлар давлат раҳбарларининг навбатдаги йиғилишида илгари сурилган ташаббуслардан бири 2021 йилда Тошкент шаҳрида “МДҲ давлатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ғояси бўлди.
Ушбу таклифнинг долзарблиги бевосита маданий-гуманитар алоқаларнинг МДҲ мамлакатлари интеграцион ҳамкорлик жараёнида тутган беқиёс ўрни ва бу давлатларда истиқомат қилувчи турли миллат вакилларининг ўзаро дўстлик ришталарининг мустаҳкамланишида мазкур омилнинг муҳимлиги билан чамбарчас боғлиқ. Чунки, айнан маданиятлараро мулоқотга анъанавий равишда ўзаро ишонч ва муштарак манфаатларга бўлган ҳурмат ҳиссини шакллантиришнинг самарали воситаси ва кўптомонлама барқарор муносабатларни таъминлашнинг мустаҳкам пойдевори сифатида қаралади.
Шуни инобатга олган ҳолда, жорий йилда Ўзбекистон ўзининг МДҲ ташкилотига раислиги доирасида бу йўналишда бир қатор тизимли ишларни амалга оширди. Мазкур таклиф эса мамлакатимизнинг МДҲ ҳамкорлик форматига жиддий эътибори ва маданий-гуманитар алоқаларга янги суръат беришга изчиллик билан киришганининг яна бир амалий исботи бўлди.
Ҳусусан, 2021 йилда Тошкент шаҳрида “МДҲ давлатлари маданий мероси” конференциясини ўтказиш ушбу мамлакатлар худудида мавжуд бўлган тарихий моддий ва номоддий объектларни сақлаш ва тиклаш жараёнлари, шунингдек уларни халқаро миқёсда оммалаштириш ишларида умумий ва замон талабларига жавоб берувчи янги ҳаракатлар стратегиясини ишлаб чиқишга замин тайёрлайди.
Шу билан бирга, Ҳамдўстлик давлатлари маданий соҳа вакиллари ўртасидаги ҳамкорлик сифат жиҳатидан янги босқичга кўтарилиши учун имконият яратади. Энг муҳими, ушбу анжуманнинг мамлакатимиз худудида ўтиши Ўзбекистон янги ташқи сиёсатининг муҳим йўналишига айланиб улгурган маданий дипломатиянинг ривожига хисса кўшади. Бу эса, ўз навбатида, ташқи дунёга очиқлик ва конструктив мулоқотни таъминлаш тамойиллари давлат ташқи сиёсий стратегиясининг муҳим таркибий қисмига айланганини яна бир бор халқаро доирада намойиш этади.
Азиз КАРИМОВ
Ўзбекистон Республикаси Президенти хузуридаги
Стратегик ва минтақалараро тадқиқотлар институти
етакчи илмий ходими