Пойтахтимиздаги Конгресс холл мажмуасида “Пойтахт ёшлари” фестивали 2 куни бўлиб ўтмоқда.

Тошкент шаҳар ҳокимлиги, Ёшлар ишлари агентлиги ва Ўзбекистон Ёшлар иттифоқи ҳамкорлигида ўтказилаётган фестивал доирасида Хушнудбек Худайбердиев, Азиза Қурбонова, Лазизбек Ҳамидов, Никита Макаренко каби таниқли блогерлар билан очиқ мулоқот ҳамда Тик-ток ва инстаграм ижтимоий тармоғи фаоллари билан учрашувлар ўтказилди.

Очиқ мулоқотда ёшларнинг IT тизимига нима учун солиқ керак, деган саволига Ўзбекистон Миллий ахборот агентлиги бош директори ўринбосари Хушнудбек Худойбердиев қуйидагича жавоб берди:

– Солиқ, божхона имтиёзларига қаршиман, – деди Х.Худойбердиев. – Нима бўлишидан қатъи назар ҳамма тенг бўлиши керак. Божхона имтиёзи, солиқ имтиёзи берилди дегани ўша соҳа ривожланади, дегани эмас. Бунга бошқача чора бўлиши керак. Муаммо шундаки, айтайлик Алига солиқ имтиёзи бор, Валига йўқ. Муаммо шунда. Бундай солиқ имтиёзлари бўлса ҳаммага бўлсин, бўлмаса ҳеч кимга бўлмасин. Бу менинг шахсий фикрим. Имтиёзлар ҳаммага тенг бўлиши керак. Яширин ҳужжатлар биланми ёки бошқа томонлама кимларгадир берилган имтиёзлар кўриб чиқилиб, тенг даражага келтирилиши керак. IT тизимини ривожлантириш бўйича замоннинг ўзи талаб қилади. Буни бозорнинг ўзи белгилайди. Бунга эҳтиёж борми, йўқми? Пандемия даврида бунга ҳаммада эҳтиёж бўлди. Бу тизим бозор билан ривожланадиган тизим. Буни эркин бозорга солиб қўйсин. Энг асосийси, бунга давлат аралашмасин. Бозорнинг ўзи бу соҳани ривожлантириб юборади.

Ш.МАМАТУРОПОВА, М.АМИН (сурат), ЎзА