Фуқароларни қийнаб келаётган ортиқча оворагарчиликлар ва бюрократик тўсиқларни қисқартириш мақсадида Адлия вазирлиги томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентининг “Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида” фармони лойиҳаси ишлаб чиқилди.
Унда давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантириш бўйича ишларни жадаллаштириш, давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва сансалорлик каби маъмурий тўсиқларни ҳамда эскирган, замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш кўзда тутилган.
Белгиланишича, 2021 йил 1 апрелдан бошлаб фуқаролардан 12 турдаги маълумотнома (руҳий касалликлар, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланганлик, фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги, турар жойнинг майдони, солиқ қарзи бор ёки йўқлиги, пенсия ва нафақа миқдори, никоҳ қайд этилганлиги, никоҳда турмаслиги ёки никоҳдан ажралганлиги тўғрисида ва бошқалар талаб қилинмаслиги мумкин.
8 турдаги ҳужжатни (шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари, кадастр ҳужжатлари, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари, иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномаси) кабиларини талаб қилиш бекор қилинмоқда.
Ушбу турдаги маълумотномалар ва ҳужжатларни бериш, айниқса, улардан нусха кўчириш фуқаролардан маълум миқдорда харажатни талаб қилади.
Ҳозирги тартибга кўра, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотномани олиш учун фуқаролардан БҲМнинг 2 фоизи (4.460 сўм) миқдорида йиғим ундирилади. Ушбу хизмат бўйича шу йилнинг ўзида 251 минг 933 ариза келиб тушган ва улардан 1 миллиард 200 миллион сўмдан ортиқ маблағ ундирилган.
Бу борада хоржий мамлакатлар тажрибасига назар қаратсак, жумладан, Япония давлати қонунчилигида белгиланишича ташкилотлар фуқаролардан руҳий касалликлар ва наркология диспансерларда ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида маълумотнома талаб қилиши тақиқланган. Айнан шундай тиартибни бошқа қатор давлатлар қонунчилигида учратиш мумкин.
Фармон лойиҳасида белгиланган, 12 турдаги маълумотнома берилиш тартибини бекор бўлиши мамлакатимизда маълумотларни тўғридан-тўғри тегишли ваколатли органлардан, шу жумладан “Электрон ҳукумат” идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиш ҳисобига фуқаролардан талаб қилиш амалиёти бекор қилиниши аҳолига ишга жойлашиш, ўқишга кириш ва бошқа ҳоларда енгиллик яратади.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА