Лондонда Quacquarelli Symonds халқаро агентлиги томонидан ривожланаётган Европа ва Марказий Осиё давлатлари бўйича 2021 йил учун энг кучли университетлар рейтинги (QS Emerging Europe and Central Asia University Rankings) эълон қилинди.
Қувонарлиси, ушбу нуфузли рейтингда мустақил Ўзбекистон тарихида илк маротаба мамлакатимиздаги бир йўла тўртта олий таълим муассасаси энг кучли университетлар қаторидан ўрин эгаллади.
Булар – Тошкент ирригация ва қишлоқ хўжалигини механизациялаштириш муҳандислари институти (251-300), Мирзо Улуғбек номидаги Ўзбекистон Миллий университети (351-400), Самарқанд давлат университети (351-400) ва Тошкент давлат техника университети (351-400)дир.
Жорий йилда ташкил этилганига 600 тўлгани айтилаётган Самарқанд давлат университетининг мазкур нуфузли рейтингга кўтарилгани мазкур олий таълим муассасасида ўқув жараёнини халқаро даражага кўтариш ва жаҳоннинг 500 та энг кучли университетлари сафидан жой олиш учун олиб борилаётган саъй-ҳаракатларнинг яққол тасдиғи бўлди.
QS халқаро агентлиги кучли университетлар рейтингини тузишда уларнинг академик нуфузи (30%), иш берувчилар ўртасидаги обрўйи (20%), ўқитувчилар ва талабалар миқдори мутаносиблиги (10%), профессор-ўқитувчиларнинг илмий фаоллиги (10%), илмий мақолалар, уларга берилган иқтибослар (5%), хорижий ўқитувчи ва ходимлар (2,5%) ҳамда талабалар (2,5%) улуши ва шу каби бошқа жиҳатлар асос қилиб олинади.
Рейтингни тузишда бутун дунёдан 102 минг нафардан ортиқ олим ва ОТМлар раҳбарлари, 52 мингдан зиёд иш берувчи компаниялар вакиллари, QS экспертлари иштирок этди.
– Бу йил Ўзбекистон университетлари кўп жиҳатдан Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги ва университетларнинг тизимли фолияти туфайли ҳудудий рейтингдаги иштирокини кенгайтирди, – дейди QS таҳлилий маркази директори Бен Саутер. – Биз Ўзбекистон ҳукуматининг олий таълимнинг глобал рақобатбардошлигини ошириш ҳамда ОТМларнинг халқаро академик гуруҳларда танилишига эришиш йўлида олиб бораётган ишларини юқори баҳолаймиз.
Рейтингда энг юқори ўринларни М.Ломоносов номидаги Москва давлат университети, Тартус университети (Эстония), Санкт-Петербург давлат университети ва Карлов университети (Чехия) эгаллаган.
Маълумот учун, дунёда таълим сифатини баҳоловчи кўплаб рейтинг агентликлари бўлиб, улардан халқаро миқёсда тан олинадиган Times Higher Education (THE), Quacquarelli Symonds (QS) va Academic Ranking of World Universities (ARWU) Шанхай рейтинг компаниялари ўз нуфузи билан дунёга машҳур.
2018 йилда Ўзбекистон Олий ва ўрта махсус таълим вазирлиги QS ва Times Higher Education (THE) халқаро рейтинг агентликлари билан олий таълим муассасаларини халқаро рейтингларга киришга тайёрлаш бўйича стратегик шартнома имзолаган.