Бугун – 17 декабрь куни Хитойдан Ўзбекистонга замонавий ва юқори қувватга эга бўлган юк ва йўловчи локомотивларининг биринчи партиялари олиб келинишига бағишланган тантанали тадбир бўлиб ўтмоқда. Мазкур жараён Осиё тараққиёт банки иштирокида “Локомотивларни сотиб олиш йўли билан локомотивлар паркини янгилаш” лойиҳаси доирасида амалга оширилмоқда.

Ҳаммаси бўлиб мамлакатимизга 30 та замонавий электровозлар ва улар учун керакли бўлган эҳтиёт қисмларни олиб келиш режалаштирилган. Янги олиб келинаётган локомотивлар йўловчилар ва юкларни ташиш учун мўлжалланган бўлиб, шу жумладан мураккаб тоғли ҳудудларда оғир юкларни ташиш қувватига ҳам эга. Электровозлар экологик хавфсизлик жиҳатидан халқаро талабларга жавоб беради ва асинхрон тортиш электр двигателлари билан жиҳозланган. Локомотивларда қўлланиладиган замонавий технологиялар электр энергиясини тежаш билан бирга ёқилғи сарфини камайтириш имконини беради.

Эслатиб ўтамиз, Ўзбекистон Республикаси Президентининг  2015 йил 6 мартдаги ПҚ-2313-сонли “2015-2019 йиллар учун муҳандислик-коммуникация ва йўл-транспорт инфратузилмасини ривожлантириш ва замонавийлаштириш дастури тўғрисида”ги қарори билан “Локомотивлар паркига 24 дона локомотив сотиб олиш йўли билан янгилаш” лойиҳасини амалга ошириш кўзда тутилган. Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан Осиё тараққиёт банкининг (ОТБ) қарз маблағларини жалб қилиш билан Ўзбекистон Республикаси ва Осиё тараққиёт банки ўртасидаги ҳамкорлик дастури доирасида “Локомотив паркини янгилаш” лойиҳасини амалга ошириш маъқулланди. 2019 йил 30 августда ОТБ билан лойиҳа учун 170 миллион АҚШ доллари миқдорида кредит шартномаси имзоланди.

2019 йил 17 июлда бўлиб ўтган халқаро тендер натижалари бўйича CNTIC-CRRC-DRLOCO консорциуми билан иккита кузовли 24 та электровозни (16 та юк ва 8 та юк-йўловчи) олиб келиш бўйича 134,6 миллион АҚШ доллари миқдорида шартнома имзоланди. Электровозларни шартномага мувофиқ етказиб бериш муддати 2021-2022 йилларда амалга ошириш белгиланди. Шу билан бирга, “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг юк электровозларига бўлган эҳтиёжини ҳисобга олган ҳолда, 2020 йил январь ойида Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ва “Ўзбекистон темир йўллари” АЖ билан биргаликда лойиҳага ажратилган суммадан тежалган 35,37 миллион АҚШ доллар эвазига ОТБга қўшимча 6 та электровоз ва эҳтиёт қисмларни олиб келиш бўйича қўшимча битимни имзолашни маъқуллаш тўғрисида мурожаат қилишди. ОТБ ушбу мурожаатни 2020 йил феврал ойида маъқуллади.

Шу кунларда лойиҳада белгиланган электровозларнинг биринчи партияси, яъни 3 та юк ва 1та юк-йўловчи локомотиви ҳамда уларнинг эҳтиёт қисмлари олиб келинди. Яқин кунларда янги электровозларнинг 2-партиясида яна 5 дона (3 юк ва 2 юк-йўловчи) электровозларини олиб келиш  кутилмоқда. 2020 йил охирига қадар электровозларнинг 3-партиясини, яъни 3 та юк электровозларни олиб келиш режалаштирилган. 2021 йилда эса, шартнома белгиланган қолган 13та юк ва 5та юк-йўловчи электровозлар олиб келинади.

Таъкидлаш жоизки, бугунги кунда “Ўзбекистон темир йўллари” АЖнинг локомотив паркида мавжуд бўлган локомотивларнинг 50 фоиздан ортиғи янгиланган.

 

«Ўзбекистон темир йўллари» АЖ