Айни вақтда Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциациясининг Call-маркази ва ижтимоий тармоқлардаги расмий саҳифаларига кўплаб ёшларимиз ўқишни кўчириш бўйича мурожаат қилишмоқда.
Олий таълим муассасаларига ўқишга қабул қилиш, талабалар ўқишини кўчириш, қайта тиклаш ва ўқишдан четлаштириш тартиби Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 20 июндаги 393-сон қарорига асосан амалга оширилади.
Қарорга мувофиқ, ўқишини кўчириш бўйича аризаларни тақдим этиш — ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар амалга оширилади.
Ўқишни қишки семестрда Ўзбекистон Республикасидаги олий таълим муассасаларига кўчириш фақат қуйидаги ҳолларда амалга оширилади.
Талабалар ўқишини кўчириш узрли сабабларга кўра, яъни:
• Республиканинг бир ҳудудидан иккинчи ҳудудига доимий яшаш учун ёки турмушга чиқиш муносабати билан турмуш ўртоғи доимий яшайдиган;
• паспорт бўйича доимий рўйхатдан ўтган ҳудудга кўчиб ўтганда;
• турмуш ўртоғи ёки ота-онаси ҳарбий хизмат ўташ жойини ўзгартирганда, ёхуд ота-онаси (турмуш ўртоғи) хориждаги давлат хизматидан қайтганда) баҳорги семестрда ўқув машғулотлари бошланишидан олдин амалга оширилиши мумкин.
Бунда ўқишини кўчириш бўйича ариза топшириш — ҳар йили 20 декабрдан кейинги йилнинг 20 январига қадар;
ўқишини кўчириш бўйича аризани кўриб чиқиб, қарор қабул қилиш — ҳар йили 25 январдан 15 февралга қадар амалга оширилади.
Шу муносабат билан хорижий ва қўшни давлатлардан ўқишини қишки семестрда кўчирмоқчи бўлган талабалар юқорида ёзилган ҳолатлардагина амалга оширишлари мумкин.
Узрли сабаблардан холи бўлган талабалар ўқишини кўчириш бўйича аризаларини ҳар йили 15 июлдан 5 августга қадар тақдим этишади.
Ўзбекистон ёшлари умумжаҳон ассоциацияси матбуот хизмати