Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Аҳоли ва тадбиркорларга енгилликлар яратиш ҳамда бюрократик тўсиқларни тубдан қисқартириш чора-тадбирлари тўғрисида» Фармони лойиҳаси (кейинги ўринларда лойиҳа) Адлия вазирлиги томонидан норматив-ҳуқуқий ҳужжатлар лойиҳалари муҳокамаси (regulation.gov.uz) порталига жойлаштирилди.
Лойиҳада давлат хизматлари кўрсатиш миллий тизимини ривожлантириш бўйича ишларни жадаллаштириш, давлат хизматларини кўрсатишда бюрократизм ва сансалорлик каби маъмурий тўсиқларни ҳамда замон талабларига мос келмайдиган тартиб-таомилларни тубдан қисқартириш назарда тутилган.
Хусусан, Фармон лойиҳаси билан қатор ҳужжат ва маълумотларни тўғридан-тўғри тегишли ваколатли органлардан, шу жумладан «Электрон ҳукумат» идоралараро интеграциялашув платформаси орқали сўраб олиш ҳисобига фуқаролардан талаб қилиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Давлат органлари ва бошқа ташкилотлар томонидан фуқаролардан бир неча турдаги маълумотномаларни талаб қилиш ҳолатлари бўйича ўтказилган ўрганиш натижаларига кўра, руҳий касалликлар бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида 1 ойда ўртача 33 мингдан ортиқ, йил давомида эса 400 мингдан ортиқ, наркология диспансери ҳисобида туриши ёки турмаслиги тўғрисида йилига 406 мингдан ортиқ, солиқ қарзи бор ёки йўқлиги тўғрисида ҳам йилига 120 мингдан ортиқ маълумотномалар фуқаролардан талаб қилинган.
Турли давлат органлари талабларига кўра, фуқаролар томонидан йилига ўзларининг никоҳ ҳолати юзасидан 172 мингдан ортиқ ва судланганлик (ёки судланмаганлик) ҳақида 286 мингга яқин маълумотномалар тақдим этилгани маълум бўлган.
Шунга кўра, лойиҳада 2021 йил 1 апрелдан бошлаб, фуқаролардан 12 турдаги маълумотнома (руҳий касалликлар, наркология бўйича диспансер ҳисобида туриши ёки турмаслиги, судланганлик, фуқаронинг номида шахсий уй-жой борлиги ёки йўқлиги, турар жойнинг майдони, солиқ қарзи бор ёки йўқлиги, пенсия ва нафақа миқдори, никоҳ қайд этилганлиги, шахснинг никоҳ ҳолати тўғрисидаги сингари) талаб қилиш амалиётини бекор қилиш назарда тутилган.
Шу билан бир қаторда, шахсни тасдиқловчи ҳужжатнинг нусхаси, шахснинг фотосурати, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларининг маълумотномалари, кадастр ҳужжатлари, меҳнат дафтарчалари ва уларнинг нусхалари, иш ҳақи ва иш стажини, олий ва ўрта махсус таълим муассасасида ўқиганликни тасдиқловчи архив маълумотномаси каби 8 турдаги ҳужжатларни талаб қилиш ҳам бекор қилинади.
Лойиҳада аҳоли ва тадбиркорлик субъектларига қулайлик яратиш мақсадида 2021 йил 1 мартдан бошлаб қуйидаги тартиблар ўрнатилмоқда:
– фуқароларнинг доимий (вақтинча) рўйхатдан ўтган жойидан ҳамда юридик шахсларнинг почта манзилидан (жойлашган еридан) қатъи назар фуқаролик ҳолати далолатномаларини қайд этиш, никоҳланувчи шахсларни тиббий кўрикдан ўтказиш, хорижга чиқиш биометрик паспортини расмийлаштириш, тиббий-ижтимоий эксперт комиссияларида кўрикдан ўтиш ва транспорт воситаларини мажбурий техник кўрикдан ўтказиш экстерриториал тамойил бўйича амалга оширилади;
– нотариал ҳаракатларни амалга оширишда фуқаролик ҳолати далолатнома ёзувлари билан боғлиқ маълумотлар нотариал идоралар томонидан мустақил равишда, фуқаролардан ортиқча маълумот талаб қилмасдан, «ФҲДЁнинг ягона электрон архиви» ахборот тизими орқали олинади;
– тадбиркорлик субъекти бўлган юридик шахсларга давлат хизматларидан фойдаланиш учун белгиланган йиғим ва давлат божи тўловларини тўлашда юридик шахснинг вакилидан нақд пул шаклида тўловни амалга оширишга рухсат берилади;
– давлат хизматлари марказлари орқали хизматлардан фойдаланишда жисмоний ва юридик шахслар томонидан ортиқча тўланган тўловлар, шунингдек тезлаштирилган тартибда давлат хизмати кўрсатилмаганлиги учун қўшимча ундирилган йиғимлар суммаси соддалаштирилган тартибда Давлат хизматлари агентлигининг бюджетдан ташқари жамғармаси маблағлари ҳисобидан бир иш куни ичида қайтарилади. Бунда қайтариб берилган суммалар Агентлик томонидан тегишли ваколатли органлардан регресс тартибида ундириб олинади;
– давлат хизматларини кўрса
тишда ариза ёки унга илова қилинган ҳужжатларда тўғрилаш мумкин бўлган хатолар мавжуд бўлса ёхуд талаб қилинган ҳужжатлар етишмаса ваколатли орган давлат хизматини кўрсатишни рад этмасдан, уларни тўғрилаш учун аризачига имконият
ва муддат беради. Бунда аризани кўриб чиқиш муддатини ҳисоблаш хатоларни бартараф этиш ва етишмаётган ҳужжатларни тақдим этиш учун ваколатли орган томонидан берилган вақт давомида тўхтатиб турилади;
– давлат хизматини кўрсатиш натижасида бериладиган ҳужжатлар
QR-код қўйиш орқали берилганда уларнинг дубликатларини бериш тартиби бекор қилинади. Бунда фуқаролар, тадбиркорлик субъектлари ҳамда давлат ва хўжалик бошқаруви органлари, маҳаллий давлат ҳокимияти органлари томонидан ушбу ҳужжатлар электрон кўринишда Ягона интерактив давлат хизматлари портали орқали чекланмаган миқдорда бепул олинади;
– лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни беришга ваколатли органлар томонидан фуқаролар ва тадбиркорлик субъектларининг лицензия ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжатларни бериш тўғрисидаги аризаларини кўриб чиқиш муддати давомида тегишли ҳужжатни бериш ёки беришни рад этиш тўғрисида қарор қабул қилинмаса, мазкур лицензия
ва рухсат этиш хусусиятига эга ҳужжат талабгорнинг хабарномасига асосан Ягона интерактив давлат хизматлари портали, «Лицензия» ахборот тизими ёки идоравий ахборот тизимлари воситасида автоматик равишда шакллантирилади ва талабгорга юборилади. Бундан давлат сири
ва қонунчиликка мувофиқ фойдаланиш чекланган маълумотларни ўз ичига олган тартиб-таомиллар мустасно бўлиб, бунда ваколатли органлар вужудга келиши мумкин бўлган барча оқибатлар учун жавобгар бўлиши назарда тутилган.
Шунингдек, лойиҳада амалиётда айрим турдаги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш билан боғлиқ муаммоларни бартараф этиш мақсадида Адлия вазирлиги ҳузуридаги Давлат хизматлари агентлиги юридик шахсларни давлат рўйхатидан ўтказиш бўйича ягона ваколатли орган этиб белгиланмоқда, бундан нодавлат-нотижорат ташкилотларини давлат рўйхатидан ўтказиш мустасно сифатида келтирилмоқда.
Бундан ташқари, лойиҳада 2021 йил 1 мартдан давлат органлари, давлат муассасалари, банклар ва кредит бюролари, шунингдек хусусий уй-жой мулкдорлари ширкатлари, матлубот кооперативи, ишлаб чиқариш кооперативи, қишлоқ хўжалиги кооперативларини давлат рўйхатидан ўтказиш Агентлик томонидан амалга оширилиши назарда тутилган.
Хорижий тижорат ташкилотларининг Ўзбекистон Республикаси ҳудудидаги ваколатхоналарини аккредитация қилиш Агентлик томонидан интернет тармоғи орқали соддалаштирилган тартибда амалга ошириш
ва ваколатхона ходимини аккредитация қилишда ОИТСга қарши кураш маркази хулосаси талаб қилиш амалиёти бекор қилинмоқда.
Ушбу Фармон лойиҳасининг қабул қилиниши мамлакатимизда давлат хизматларини кўрсатишда маъмурий тўсиқларни бартараф этиш билан бир қаторда аҳолининг ортиқча оворагарчиликлари олди олинишига, турли идораларда фуқаролар ҳақидаги маълумотлар ягона идентификаторлар асосида сақланиши ҳисобига барча тизимлар ўзаро мувофиқлаштирилишига, тадбиркорлик субъектларига қатор йўналишларда қулайликлар яратилишига хизмат қилади.
Равшан Нурматов,
Адлия вазирлиги ҳузуридаги
Ҳуқуқий сиёсат тадқиқот институти
масъул ходими