Бу тизим ота-она қарамоғисиз қолган ҳар бир бола тўғрисидаги зарур маълумотларни ўз ичига олади ва уларга ғамхўрлик кўрсатилишига замин яратади.
Ёшларга, шу жумладан, вояга етмаган ҳар бир болага ғамхўрлик қилиш давлатимиз сиёсатининг устувор йўналишларидан бири ҳисобланади.
Бинобарин, Бош прокуратура томонидан ҳам вояга етмаганлар ўртасида назоратсизлик ва ҳуқуқбузарликларнинг олдини олиш, уларга имкон берадиган сабаб ва шарт-шароитларни аниқлаш, бартараф этиш, уларнинг ижтимоий ҳимоясини таъминлаш масалаларига алоҳида эътибор қаратиб келинмоқда.
Айни пайтда таҳлиллар ижтимоий ҳимояга муҳтож чин етимлар, ота-онаси чет элга кетган, ажрашган ҳамда нотинч оилалар фарзандлари баъзан назоратсиз ва қаровсиз қолаётганлигини кўрсатмоқда. Оқибатда бундай болалар жиноят кўчасига ҳам кирмоқда ёки унинг қурбони бўлмоқда. Айрим ҳолларда эса балоғатга етмаган ёшлар ахлоқий таназзулга юз тутиб, эрта туғруқларнинг, пировардида яна бахтсизларнинг дунёга келишига сабабчи бўлмоқда.
Уларга васий ёки ҳомий тайинланиши учун эса кўплаб ҳужжатлар талаб қилинади. Ортиқча сансалорлик ва оворагарчиликларни келтириб чиқарувчи бошқа омиллар ҳам мавжуд.
Айниқса, бу борадаги маъмурий тўсиқларнинг бартараф этилмаганлиги, тегишли қонун ҳужжатлари бугунги кун талабларига жавоб бермаслиги жиддий муаммолардандир. Қолаверса, мазкур соҳада амалга оширилаётган ишлар тизимлаштирилмаган, назоратсиз ва қаровсиз болалар бўйича ягона маълумотлар базаси мавжуд эмас.
Шу боис, соҳага замонавий ахборот-коммуникация технологияларини кенг қўллаш, илғор хорижий тажриба асосида мавжуд тартибни қайта кўриб чиқиш долзарб вазифалардан биридир.
Ота-она қарамоғидан маҳрум бўлган болаларнинг ҳуқуқ ва эркинликларини, қонуний манфаатларини таъминлаш ҳамда болаларга ғамхўрлик қилишга мутасадди бўлган тузилмаларнинг масъулиятини янада ошириш, ушбу йўналишда идоралараро тезкор ахборот алмашинувини йўлга қўйиш заруриятга айланган. Васийлик ва ҳомийлик органлари фаолиятини тубдан такомиллаштириш ҳам тақозо этилмоқда.
Бош прокуратура ташаббуси билан шу каби яна кўплаб муаммоларни бартараф этишга қаратилган “Бола ҳимояси” электрон дастурий таъминот тизими ишлаб чиқилди.
Бу тизим ота-она қарамоғисиз қолган ҳар бир бола тўғрисидаги барча зарур маълумотларни ўз ичига олади. У орқали ҳар бир боланинг аҳволи, нима билан машғуллиги, унинг ҳуқуқи, эркинлиги ва манфаатини ким қай тарзда таъминлаётганини бевосита кузатиш мумкин. Тизимнинг бошқа қатор қулайликлари ва афзал жиҳатлари ҳам мавжуд.
Бош прокуратура матбуот хизмати хабарига кўра, тизим синов тариқасида Бухоро вилоятида муваффақиятли ишга туширилди. Ҳозирда уни мамлакат миқёсида жорий этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамасининг тегишли қарори лойиҳаси тайёрланмоқда.
Муаттар Бурҳонова, ЎзА