Ўзбекистон Республикаси Қуролли Кучлари ташкил топганининг 29 йиллиги ҳамда Ватан ҳимоячилари куни байрамини кенг нишонлаш доирасидаги “Ватанпарварлик ойлиги”нинг илк кунларидан Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлигининг тарғибот гуруҳи томонидан Қорақалпоғистон Республикасининг энг чекка туманларидан бўлган Мўйноқдаги умумтаълим мактаб ўқувчилари билан ватанпарварлик тадбирлари ўтказилди.

Бу ҳақда Шимоли-ғарбий ҳарбий округ матбуот хизмати ЎзАга хабар берди.

Йилдан-йилга халқ ва армияни бирлаштириб келаётган ва ҳақиқий умумхалқ байрамига айланган Ватан ҳимоячилари куни том маънода мардлик ва жасоратни тараннум этгувчи, улуғ аждодларимизнинг қаҳрамонликларини ёшларга ибрат қилувчи, маънавиятни тарғиб этгувчи айёмга айланган. Ҳар йили Президентимиз томонидан жорий этиладиган “Ватанпарварлик ойлиги” доирасида ўтказиладиган тадбирлар ана шундай эзгу мақсадларни ўзида мужассам этиб, юртимиздаги тинчлик ва осойишталикка шукроналик ҳиссини янада ошириб келмоқда.

Мўйноқ туманидаги бир қатор мактабларида “Ким Ватанга содиқ бўлса, мендурман ўша!” шиори остида ўтказилган ватанпарварлик тадбирлари давомида Шимоли-ғарбий ҳарбий округ қўшинлари қўмондони полковник Фарҳоджон Шерматов ёшлар билан учрашиб, уларга Ватанни ҳимоя қилиш ҳақиқий мард ва олижаноб инсонларнинг касби эканини таъкидлаб ўтди.

Ҳарбий округ қўмондонлиги томонидан чақирувга қадар ёшларни тайёрлаш фани ўқитилиши сифатини ошириш ва ўқув-моддий базани такомиллаштириш мақсадида Мўйноқдаги умумтаълим мактабларига ўқув қуроллари ҳамда кўргазмали воситалар совға қилинди.

Ватанпарварликка йўғрилган тадбирларда ёшлар пневматик милтиқдан ўқ отиш бўйича ўзаро баҳслашиб, мерганлик маҳоратини намойиш этишди. Ғолиб ва совриндорлар ташкилотчилар томонидан диплом ва совғалар билан тақдирланди.

Ўқотар қуроллар намуналари, кузатиш, мина излаш, оммавий қирғин қуролларидан ҳимояланиш асбоб-ускуналари ҳамда алоқа воситалари кўргазмаси ёшларда катта қизиқиш уйғотиб, шарафли касбга бўлган ҳавасини оширди.

Нукус гарнизони ҳарбий окрестри томонидан ташкил этилган байрамона концерт дастурлари, ҳарбий хизматчиларнинг қуроллар билан кўргазмали чиқишлари иштирокчиларда олам-олам таассурот қолдирди.

Тадбир давомида фаол иштирок этган ёшларга ҳарбий округ қўшинлари қўмондонлиги номидан бадиий асарлар туҳфа этилди.