Шу кунларда Ўмоннинг Маскат шаҳри Осиё Олимпия Кенгаши (ООК)нинг навбатдаги Бош Ассамблеясига мезбонлик қилмоқда.
Ассамблеядан бир кун аввал анъанага кўра 74-Ижроия қўмитаси йиғилиши бўлиб ўтди. Унда ташкилот раҳбариятининг янги таркиби ва Ижроия қўмитасига аъзолар сайланди.
ООК Конституциясига кўра (қоидаларни қўллаш, 71- ва 76-моддаларига асосан) 5та йирик комплекс мусобақаларга мезбонлик қилувчи мамлакатлар ООК вице-президенти лавозимига ўз номзодини кўрсатиш ҳуқуқига эга бўлиши қайд этилган.
Шунга мувофиқ, Ўзбекистон 2025 йилги IV ёшлар Осиё ўйинларини қабул қилиши туфайли биринчи марта ўз вакилини ООК раҳбариятига номзод сифатида таклиф этиш имконига эга бўлди.
Мазкур анжуманнинг биз учун эътиборли жиҳати, ООК вице-президентлигига номзодлар қаторида ҳамюртимиз, Марказий Осиё ММА Конфедерацияси раҳбари Отабек Умаров ҳам бор эди.
Бугун бўлиб ўтган ООК Ижроия қўмитаси йиғилишида Отабек Умаров номзоди бир овоздан маъқулланди ва ҳамюртимиз ташкилот вице-президенти этиб расман сайланди.
“Авваламбор, менга билдирилган юксак ишонч учун барчага миннатдорлик билдираман. Бундай нуфузли ташкилотда мамлакатимиз манфаатларини ҳимоя қилиш, қитъада олимпия ҳаракатини ривожлантиришга ҳисса қўшиш мен учун шараф.
Тошкентда ўтадиган 2025 йилги IV ёшлар Осиё ўйинларини ўтказиш Янги Ўзбекистон учун жаҳон ҳамжамияти олдидаги жиддий синовлардан бири. Ҳукуматимизнинг қўллаб-қувватлаши билан ушбу мусобақани юқори савияда ташкил қилишга бор куч ва ғайратимизни ишга соламиз”, – деди Отабек Умаров.
Эртага, 16 декабрь куни Маскатда Осиё Олимпия кенгашининг Бош Ассамблеяси йиғилиши ўтказилади. Унда Отабек Умаров расман ООК вице-президенти сифатида иштирок этади. Янада аҳамиятлиси, Ассамблея доирасида ООК ва Ўзбекистон томони ўртасида 2025 йил ёшлар Осиё ўйинларини Тошкентда ўтказиш бўйича шартнома имзолаш маросими бўлиб ўтади.
ООК Бош Ассамблеяси йиғилишида Ўзбекистон номидан Жисмоний тарбия ва спорт вазирининг биринчи ўринбосари Равшан Эрматов, Миллий олимпия қўмитаси раиси Рустам Шоабдураҳмонов, Тошкент-2025 IV ёшлар Осиё ўйинлари дирекцияси директори Ойбек Касимов ва бошқалар иштирок этишмоқда.
ЎзА