Ўзбекистон Республикаси Олий Мажлиси Сенати Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг навбатдаги йиғилиши бўлиб ўтди.

Видеоконференцалоқа тарзида ўтказилган йиғилишда Сенат, Қорақалпоғистон Республикаси Жўқори Кенгеси, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг экспертлар кенгаши аъзолари иштирок этди.

Йиғилишда таъкидланишича, Оролбўйи минтақасида истиқомат қилувчи аҳоли ўртасида юрагида нуқсони бор болалар учун давлат бюджетидан ажратиладиган ордернинг тўлақонли амалиётга етадиган қилиб баҳолашнинг имконияти мавжуд эмас. Бюджетда бу каби имкониятлар кўзда тутилмаган. Бу муаммонинг ижобий ечими бошқа ҳудудларга нисбатан Қорақалпоғистон Республикаси учун муҳимдир.

– Қорақалпоғистон Республикаси ва Хоразм вилоятида бюджет маблағларидан ташқари алоҳида Оролбўйи фондлари ташкил этилган, бошқа маблағлар йўналтирилиши ҳам кўзда тутилган, – дейди Молия вазири ўринбосари Қурбонмурод Тапаров. – Кейинги йилда гемодиализ бўйича 100 миллиард сўмдан ортиқ маблағ ажратилиши режалаштирилган. Қандли диабет билан касалланганлар 100 фоиз қамраб олинади. Онкологик касалликлар бўйича ҳам 100 миллиарддан ошиқ маблағ ажратилиши кўзда тутилган. 2021 йил бюджет қонунида кўзда тутилган маблағлар мониторинги ҳар бир вазирликда очиқ кўрсатиб борилади.

2020 йил декабрь ойигача ишга тушиши лозим бўлган 974,5 миллиард сўмлик 76 та лойиҳа турли сабабларга кўра белгиланган муддатда ишга туширилмаган. Бундан ташқари, 2020 йил 5 декабргача банк кредити ҳисобидан ишга туширилиши лозим бўлган 15 та лойиҳага 15,1 миллиард сўм кредит маблағи ажратилмаган.

Лойиҳаларни таҳлил қилиш жараёнида 2020-2023 йиллар дастурига киритилган, бироқ айрим муаммоли сабабларга кўра 70 та лойиҳа истиқболсиз, деб топилганлиги аниқланиб, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитасининг ташаббуси билан ташаббускорлар, масъул банк, тегишли вазирлик ва идоралар билан олиб борилган музокаралар натижасида мазкур лойиҳаларнинг 12 таси ишга туширилган, 10 тасининг ижроси амалга оширилган. Ҳозирда ҳақиқатда истиқболсиз, деб топилган лойиҳалар 48 тани ташкил этмоқда.

Жорий йил ноябрь ойида 17 та туман ва шаҳарда олиб борилган назорат-таҳлил тадбирларида 187 объект ўрганилган. Амалга оширилиши лозим бўлган 1 минг 167 та лойиҳанинг ижро ҳолати таҳлил қилинган. Жорий йилнинг 5 декабрь ҳолатига кўра, амалга оширилиши белгиланган мазкур лойиҳалардан 3 триллион 164 миллиард сўмлик 1 минг 108 та инвестиция лойиҳаси молиялаштирилган. Мазкур лойиҳалардан 899,6 миллиард сўмлик 605 та лойиҳа ишга туширилиши натижасида 3 минг 166 та янги иш ўрни яратилган.

Йиғилишда қайд этилишича, Оролбўйи минтақасини ривожлантириш масалалари қўмитаси томонидан бевосита жойларга чиққан ҳолда таҳлилий ўрганишлар ўтказилмоқда. Қўмита томонидан ҳудудларни ўрганиш жараёнида қатор муаммоларга ижобий ечим топилган.

Муҳайё Тошқораева, ЎзА