Таълимни замонга мос равишда тўғри ташкил этиш тараққиётнинг ўта муҳим жиҳатларидан бири ҳисобланади.

Сир эмаски, ҳозирда Республикамиздаги барча мактабларда гибрид усулида таълим ташкил этилган. Албатта, гибрид таълим тури энг мақбули ҳисобланади. Аммо мактаб ўқитувчилари 2-3 баробар ишлашларига тўғри келаяпти. Аниқроғи, фидойи ўқитувчилар дастлаб кунлик ўқув юкламаларини бажаришади. 5-6 соатлик ўқув юкламасидан сўнг пед-юкламаларни (мажлислар, давомат, дарс қолдирган ўқувчиларнинг сабабларини аниқлаш, онлайнда ўқиётган ўқувчилар бўйича ҳисобот ва ҳ.к.з) амалга ошираяпти.

Кунлик нормадаги 8 соатлик ишдан сўнг ҳолдан тойган, асаблари чарчаган ўқитувчи аталмиш «РОБОТ» уйга келиб, kundalik.com билан ҳамкорликда онлайн дарс олаётган ўқувчиларининг уй вазифаларини текшириб, баҳолайди. Ўқитувчида ўз оиласи, фарзандлари ва яқинларига вақт ажратишга умуман имконият ҳам қолмаяпти.

Бу ҳали масаланинг бир томони бўлса, моддий ва иқтисодий томони тўғрисида тўхталмаса ҳам бўлади. kundalik.comда ишлаш учун мегабайтларга кетадиган харажатлар ҳеч кимни қизиқтиргани йўқ. Гўёки, мактабларни Wi-Fi тармоғи билан таъминлаш тўғрисидаги берилган ваъдалар kundalik.comни ўтказиб олгунча айтилгандек, мутасаддиларнинг ёдларидан чиқиб ҳам кетган кўринади. Ахир ўқитувчилар ўз чўнтакларидан мегабайтларга пул чиқариб «яхши ишлашаяпти». ( Муҳими ҳаммаси жойида!).

Ҳар бир ватанпарвар ўз юрти равнақи ва келажаги учун астойдил ишлаши, жон куйдириши лозим. Агарки, барча фидойилар ўз иш соҳаларига креатив ёндашувни киритсалар, катта ютуқларга эришилади,  деб ўйлайман.

ЎЗИНИ ЎЗИ НАЗОРАТ ҚИЛИШ УСУЛИ

Юқорида келтирган фикрларимиздан келиб чиқиб, ўқитувчиларга дарс ўтиш ва уйга берилган топшириқларни текширишда янги, креатив ва оптимал бўлган «ўзини–ўзи назорат қилиш» усулини таклиф этмоқчиман.

Бунга кўра, уй вазифаларини текширишда ҳар бир ўқувчи қизил ёки яшил рангли ручкалардан фойдаланишади. Синфдаги ўқувчилар кетма-кет ўзи ишлаган уй вазифаларининг жавоблари ва ишланиш усулларини айтишади. Қолган ўқувчилар ўз уй вазифасининг ишланиш йўли ва жавобларини кузатиб боради. Тўғри бажарган бўлса “√” белгисини , нотўғри ҳолатда “?” белгисини ўз дафтарига қўяди. Текшириш якунлангач, ўқитувчи уй вазифаларининг мураккаблик даражасига кўра баҳолаш шкаласини айтади. Шкалага кўра ҳар бир ўқувчи ўз уй вазифасига ўзи баҳо қўяди.

«Ўзини–ўзи назорат қилиш» усулининг афзалликларини қуйидагиларда кўриш мумкин :

Ҳар бир ўқувчининг мунтазам уй вазифасини бажаришига эришилади. Уй вазифасини бажариш, олинган билим ва кўникмаларни мустаҳкамлашнинг асосий омили ҳисобланади . Мунтазам равишда уй вазифаларини бажариш билан ўқувчиларда уйда ҳам дарс тайёрлаш, ўз устида ишлаш кўникмалари шаклланади ва ривожланади. 30 йиллик педагогик тажрибамдан келиб чиқиб айтишим мумкинки, кўпгина ўғил болаларда 7-8 синфдан кейин дафтарларига ёзиш малол кела бошлайди. Бунга албатта ўқувчиларнинг ёш хусусиятидаги ўзгаришлар ҳам сабаб бўлади. Аммо мунтазам равишда уй вазифаларини дафтарга ёзиб бажариш натижасида кўникмалар мустаҳкамланиб, бундай салбий ҳолатларнинг олдини олишга эришилади.

Ўқувчи ўзини ўзи текширгани учун билимидаги бўшлиқларни кўра олади. Уй ишини текширган вақтида қайси жойда хато ва камчиликка йўл қўйганини кўради. Ўқитувчи текширганда эса ўқувчи ўзи йўл қўйган хато ва камчиликларига кўп ҳам эътибор бермайди.

Билим ва кўникмаларини мустаҳкамлайди. Доимий равишда ўз устида ишлаш орқали билимлар мустаҳкамланади.

Ўқувчининг ўзига нисбатан назорати ва масъулият ҳиссини оширади. Уй вазифасининг мураккаблигига кўра баҳолаш шкаласи белгиланади. Ўқувчилар осонроқ мавзуларнинг уй вазифасига масъулиятсизлик билан ёндашишликларининг олди олинади.

Ўқувчи тўғри сўзлик ва ҳалолликка ўрганади. Дарс давомида ўқитувчи томонидан баҳонинг тўғри қўйилганлиги текшириб борилади. Уй иши дафтарлари ҳар дарсда баҳоланади.

Айниқса ҳозирги пандемия шароитида дафтарнинг қўлдан-қўлга ўтмаслиги орқали ўқувчининг ҳам, ўқитувчининг ҳам соғлиғи кафолатланади. Мактаблар фаолиятининг дастлабки кунларида жуда кўплаб ўқитувчилар вирус билан касалланган эди .

Энг қимматли бўлган вақтнинг тежалишига эришилади. Уй ишларини текширишни «ўзини-ўзи назорат қилиш» усулида ташкил этиш орқали дарс жараёнидаги вақт тежалади. Ўқитувчини ўқувчиларнинг дафтарларини йиғиб, текширишга сарфлайдиган вақтидан ва кучини сарфлашдан халос қилади.

Ўқувчи кўз ўнги ва тафаккурида ҳаққоний баҳолаш бўлади. Бажарган уй вазифаси учун ўқувчининг ўзи ўзига баҳо қўйиши олган баҳоси учун ўқитувчидан норози бўлишга чек қўяди .

Мазкур усулдан нафақат аниқ фанларда балки, табиий ва гуманитар фанларда ҳам фойдаланиш мумкин.

 

О. Ҳаитова, Чилонзор туманидаги 

90-мактаб ўқитувчиси